Туркия Машарипов учун 40 марта умрбод қамоқ жазосини маъқуллади
Туркия Олий суди 2017 йилда Истанбулдаги “Реина” тунги клубида 39 кишининг ўлимига сабаб бўлган Абдулқодир Машариповга 2020 йилда чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди. CNN Турк хабарига кўра, суд маҳкумнинг аризаларини кўриб чиққан ва ҳукмлар қонунга зид эмас, деган қарорга келган.
Машарипов 39 кишини қасддан ўлдириш ва 79 кишини ўлдиришга
суиқасд қилишда айбдор деб топилган. 2020 йил сентябрь ойида суд уни оғирлаштирувчи ҳолатлар
билан 40 марта умрбод қамоқ жазосига ва ҳар бир модда бўйича 1368 йил қамоқ
жазосига ҳукм қилган.
Олий суд, шунингдек, клубга ҳужум қилиш ишига алоқадор
бўлган, турли хил жазога тортилган яна 31 маҳкумнинг аризаларини кўриб чиқди.
Уларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар ҳам ўзгаришсиз қолдирилди.
2017 йил 1 январга ўтар кечаси Истанбулнинг Ўртакўй туманидаги «Реина» тунги клубида
содир этилган теракт оқибатида 39 киши ҳалок бўлди, улардан 16 нафари хорижлик,
жумладан, россиялик аёл эди. Қурбонлар орасида Иордания, Марокаш, Саудия
Арабистони ва Ливан, Ливия ва Исроил фуқаролари ҳам бор. Маълум бўлишича, терактни
ўзбекистонлик Абдулқодир
Машарипов содир этган бўлиб, тез орада Истанбул туманларидан бирида қўлга
олинган. Ҳужум учун жавобгарликни “Исломий давлат” террорчилик гуруҳи ўз
зиммасига олган.