15.01.2025 08:13

Туркия биринчи "Фарғоний" сунъий йўлдошини коинотга учирди

Туркия ўзининг космик салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида бешта сунъий йўлдошни муваффақиятли фазога учирди. Улар орасида Фарғонанинг биринчи FGN-100-d1 сунъий йўлдоши ва План-С компаниясига тегишли тўртта сунъий йўлдошлари бор. Ушбу тарихий миссия SpaceX компаниясининг Transporter-12 ракета ташувчиси орқали амалга оширилди.

Туркия саноат ва технология вазири Меҳмет Фотиҳ Качир сунъий йўлдошларни муваффақиятли учирган "Fergani Space" ва План-С компанияларини ижтимоий тармоқда табриклаб, бундай ютуқлар мамлакатнинг миллий космик дастури доирасидаги стратегик мақсадларига хизмат қилишини таъкидлади. 

“Миллий космик дастуримиз мақсадларига мувофиқ космик экотизимимиз кундан-кунга мустаҳкамланиб боради. Биринчи "Фарғоний" сунъий йўлдоши ва янги План-С сунъий йўлдошлари орқали келажакдаги инновацияларга йўл очилмоқда”, деди у. 

Туркия Коинот Агентлиги (ТУА) ушбу учириш мамлакатнинг коинот соҳасидаги позициясини янада мустаҳкамлашини маълум қилди. 

“Фарғоний" сунъий йўлдошининг муваффақиятли фазога чиқиши глобал алоқа ва геолокация ечимлари учун янги имкониятларни яратади. План-С эса IOT ва 6G алоқа технологияларини ривожлантиришда етакчи бўлиб, бугунги кунга қадар тўққизта сунъий йўлдошни муваффақиятли учирди”, - дейилади баёнотда. 

SpaceX компаниясининг жонли эфирида миссиянинг ҳар бир лаҳзаси кузатиб борилди. "Фарғоний" сунъий йўлдоши учун синовлар 2024 йилнинг май ойида муваффақиятли якунланган эди.

“Fergani Space” компанияси паст орбитали сунъий йўлдош хизматлари орқали дунёда барқарор ва инновацион ечимлар тақдим этишни мақсад қилмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.