18.11.2024 10:47
Туркий давлатлар ташкилоти умумий мадҳия яратиш устида иш бошлади
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида муштарак алифбо лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилгач, муштарак мадҳия ва умумий бадиий луғат лойиҳалари устида иш бошланди.
Қайд этилишича, турк дунёсидаги ҳар бир давлатнинг ўзига хослигини акс эттирувчи миллий мадҳияси мавжуд. Аммо умумий мадҳия туркий халқлар тарихидан илҳом олиб тайёрланади ҳамда сўз ва оҳангда ифодаланадиган ноёб композиция бўлади.
Туркий халқлар санъати университетлари уюшмаси раиси, Анқара мусиқа ва тасвирий санъат университети ректори, профессор Эрҳан Ўзденнинг Yeni Şafak нашрига маълум қилишича, мадҳия қисқа муддатларда яратилади. Мадҳия яратиш учун бастакор танлаш комиссиянинг коллегиал қарори асосида амалга оширилади.
"Мадҳия матни луғат ишига асосланади ҳамда барча учун тушунарли ва маъноли, санъатнинг барча соҳаларини қамраб олувчи сўзларни ўз ичига олади", деди у.
Унинг сўзларига кўра, мадҳиядан ташқари, Ибн Синонинг тиббиёт соҳасидаги асарларига ўхшаш санъат йўналишида қомусий асар ҳам тайёрланади.
“Бу санъатнинг барча соҳаларида умумий адабий тил яратиш мақсадида яратиладиган луғатдир. Туркий Давлатлар санъат университетлари уюшмаси томонидан тузилган комиссиянинг ишлари узоқ муддатли бўлади”, - дея қўшимча қилди у.
Профессор доктор Ўзденнинг айтишича, луғат устида ишлаш бир неча йил давом этади.