20.11.2024 09:25
Трамп шифокор Меҳмет Ўз номзодини федерал соғлиқни сақлаш хизматлари раҳбари лавозимига таклиф қилди
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Medicare ва Medicaid федерал соғлиқни сақлаш хизматлари (CMS) директори лавозимига келиб чиқиши туркиялик бўлган шифокор Меҳмет Ўз номзодини илгари сурганини эълон қилди.
Трамп Америка соғлиқни сақлаш соҳасида жиддий инқирозга дуч келганини ва бу муаммолар билан шуғулланиш учун Ўздан кўра малакали шифокор йўқлигини айтди.
Меҳмет Ўзнинг Гарвард университетида бошланган таълим ҳаёти ва карьерасига тўхталиб ўтган Трамп унинг Америка соғлиқни сақлаш тизимидаги кўплаб муаммоларни ҳал қила олишига урғу берди.
Қўшма Штатларда Medicare федерал тиббий суғурта оператори бўлиб, 65 ёшдан ошган қарияларга тиббий хизматлар кўрсатади. Medicaid эса кам таъминланган гуруҳларга тиббий суғурта хизматларини кўрсатадиган қўшма федерал ва давлат дастури сифатида ишлайди.
АҚШда федерал ҳукумат Medicare дастури доирасида 860 миллиард доллар ва 2023 йилда Medicaid доирасида 848 миллиард доллар сарфлади.
"Википедиа" маълумотларига кўра, Меҳмет Женгиз Ўз — турк-америкалик шифокор, бошловчи ва сиёсатчи. Колумбия университетида ректор ўринбосари ва жарроҳлик профессори, Нью-Йорк Пресвитериан касалхонасида юрак-қон томир институти ва қўшимча тиббиёт дастурини бошқаради. Меҳмет Ўз 1960 йил 11 июнда АҚШнинг Оҳаё штатидаги Кливленд шаҳрида ўзи сингари шифокор бўлган конялик Мустафо Ўз оиласида туғилган.