Тошкентда 8 имом-хатиб, 10 имом ноиби ишдан олинди, 4 нафарига ҳайфсан берилди
Бугун, 11 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Тошкент шаҳар имом-хатибларининг танқидий-таҳлилий йиғилиши бўлиб ўтди.
Мусулмонлар
идораси матбуот хизматининг ёзишича,
мажлис аввалида ҳар бир имом-хатиб дин ғами, халқ дарди ва юрт тақдири йўлида
астойдил хизмат қилиши лозимлиги, дин пешвоси сифатида, аҳоли, айниқса, ёшларни
тўғри йўлга бошлаши алоҳида таъкидланган.
Танқидий масалалар муҳокамасида айрим имом-домлалар
зиммасидаги бирламчи вазифасига жиддий ёндашмаётгани, мўмин-мусулмонлар
эҳтиёжини таъминлашда етарли саъй-ҳаракат қилмаётгани ва ижро интизомидаги
нуқсонлар қаттиқ танқид остига олинди. Шунингдек, белгиланган тартиб-қоидалар,
меҳнат шартномалари талаблари ва лавозим йўриқномаларига риоя этмаётган
имом-домлаларга чора кўрилгани айтилди.
2024 йилнинг ўтган саккиз ойида мана шундай
хато-камчиликларни содир этган, дин пешвоси сифатида иш фаолиятига эътибор
қаратмаган ва меҳнат мажбуриятларини етарли даражада бажармаган Тошкент
шаҳридаги масжидларда фаолият юритган 8 нафар имом-хатиб, 10 нафар имом ноиби
вазифасидан озод этилгани ҳамда 2 нафар имом-хатиб ва 2 нафар имом ноибига эса
ҳайфсан интизомий чораси қўллангани маълум қилинди.
Муфтий ҳазратлари ҳар бир имом-хатиб дин ва меҳроб омонатини
чуқур ҳис этиши, фаолиятини яхшилаб бориши, замон билан ҳамнафасликда доимий
билим-малакаларини ошириши ва пешволик мақомига муносиб бўлишини алоҳида қайд
этдилар. Шунингдек, барча имом-хатибларни ушбу мартабада шариат ходими сифатида
ихлосу муҳаббат, тақво ва садоқат билан хизмат қилишларига даъват этдилар.