29.11.2024 09:00

Тошкент вилоятида 150 млн долларлик ўзбек-турк саноат зонаси ишга тушди

28 ноябрь куни Тошкентда «Ostim » бирлашган саноат зонаси раиси Орхан Айдин бошчилигидаги турк ишбилармонлари делегациясининг ташрифи доирасида ўзбек-турк бизнес-форуми бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Унда инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев, маҳаллий ҳокимият органлари, эркин иқтисодий ва саноат зоналари раҳбарлари, электр техникаси, кимё маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, ИТ, металлургия, таълим, туризм, савдо ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган 200 дан ортиқ йирик компаниялар вакиллари иштирок этди.

Қутлов сўзи билан чиқиш қилган спикерлар, ўзбек-турк ўзаро кўп қиррали муносабатлар кўрсаткичлари барча йўналишларда сезиларли даражада ошганини таъкидладилар. Охирги беш йил ичида икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 1,3 бараварга ўсиб, 3,1 миллиард долларга етди. Мамлакатлар ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим имзоланган, унинг доирасида маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, сўнгги беш йил ичида қўшма корхоналар сони деярли уч бараварга ошиб, 1903 тага етди. Фақатгина жорий йил бошидан буён 300 дан ортиқ янги турк компаниялари ташкил этилди. 2023 йилда 1,2 миллиард доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди.

Туркиянинг “Unitrade”, “Esan”, “MTA”, “Menderes”, “Zorlu”, “Abdi Ibrahim”, “Calik”, “Aksa”, “Tashyapi”, “Dolsar”, “Jengiz”, “Anadolu” каби йирик компаниялари кончилик ва геология, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, автомобиль саноати ва энергетика соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Форум давомида турк компанияларига Ўзбекистонга инвестиция киритиш учун яратилган қулай шароитлар тақдим этилди. Асосий жиҳатлар қаторида солиқ ва божхона имтиёзлари, барқарор иқтисодий ўсиш, «GSP+» дастури доирасида Европа бозорларига имтиёзли экспорт қилиш имкониятлари, ЖСТга қўшилиш бўйича фаоллашган ишлар ҳамда ривожланган инфратузилма ва муҳандислик коммуникацияларига эга кўплаб эркин иқтисодий ва саноат зоналари ташкил этилганлиги қайд этилди.

Турк компанияларига ҳозирги лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш ҳамда янги инвестициявий ташаббусларни йўлга қўйишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлик билдирилди.

Форум доирасида B2B музокаралари ташкил этилиб, икки давлат тадбиркорлари ўзаро янги фойдали алоқалар ўрнатиш ва янги қўшма лойиҳаларнинг ташкилий механизмларини муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.

Дастурга мувофиқ, Тошкент вилояти Зангиота туманида “Ostim global sanoat zonas” очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ишбилармон доираларга янги саноат зонасида яратилган шароитлар тақдим этилиб, турк компаниялари ушбу ҳудудда ўз ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишга чақирилди.

Маълумот учун: «Ostim» саноат зонаси ҳудуди 100 гектарни ташкил этади. Лойиҳа умумий қиймати – 150 миллион доллар. Зона барча муҳандислик коммуникациялари билан таъминланган, электр токига бўлган эҳтиёжларнинг бир қисмини қондириш учун қуёш электр станцияси қурилмоқда. Кластер усулида ташкил этилган зонада савдо маркази, поликлиника, мактаб, меҳмонхона, тадқиқот ва сертификатлаш бўйича илмий марказ (R&D) ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари учун зарур касбларга ўргатадиган касб-ҳунар коллежи каби ижтимоий объектлар қурилиши режалаштирилган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.