11.10.2024 15:37

Тошкент ва Хивада “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро анжуман ўтказилади

15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида нуфузли халқаро конференция ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар қилди.

Анжуман ишида Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби дунёнинг 22 мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилот раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этади.

Хусусан, замонамизнинг мужтаҳид олимларидан бири, Дорул улум Карачи Ислом университети профессори, муфтий, шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари, Миср бош муфтийси, шайх Назир Муҳаммад Айёд ҳазратлари, Дорулулум Девбанд мадрасаси мудири, Ҳинд уламолари жамияти раиси мавлоно Аршад Маданий ҳазратлари ташриф буюришади.

“Конференциядан кўзланган асосий мақсад – шиддатли глобаллашув шароитида ислом дини қадриятлари, унинг тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшларни диний бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда ислом динига ёт радикал қарашларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантириш ва бунда Ўзбекистон тажрибасини, динийлик ва дунёвийлик мувозанатини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини халқаро жамоатчиликка етказишдан иборатдир”, - дейилади хабарда.

Анжуман 15 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Hilton” мажмуасининг анжуманлар залида ўз ишини бошлайди. Анжуман 3 та шўъбага бўлинган ҳолда ўтказилади.

Биринчи шўъба: “Ислом қадриятларини асраб-авайлашда ҳанафий-мотуридий таълимотининг ўрни”.

Иккинчи шўъба: “Глобаллашув шароитида ислом: мўътадиллик ва бағрикенглик”.

Учинчи шўъба: “Замонавий жамиятда ғоявий таҳдидларнинг олдини олиш омиллари ва амалий ечимлар”.

Конференция 16 октябрь куни Хива шаҳрида давом этади. Унда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференциясининг якуний декларацияси қабул қилинади.

Шу билан бирга, хорижлик меҳмонлар, диний уламолар билан маърифий суҳбатлар ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Ушбу анжуманнинг ўтказилиши ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида маълум қилган эди.

“Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз. Шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурамиз”, - деган эди президент.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.