24.12.2024 12:11
691
Татаристон: Фермадаги ёнғинда 6 киши ҳалок бўлди, уларнинг 5 нафари ўзбекистонлик
Татаристондаги чорвачилик фермасида содир бўлган ёнғин оқибатида олти киши ҳалок бўлди. Улардан беш нафари Ўзбекистон фуқаролари экани маълум бўлди.
"База" Телеграм каналининг хабар беришича, Татаристон Республикасининг Елабуга вилоятида жойлашган фермада ёнғин эрталаб соат учларда бошланган. Чорвачилик фермаси ишчилари яшаган бино ёниб кетган. Ёнғин содир бўлган вақтда уйда 39 киши бўлган, улардан 33 нафарини эвакуация қилишга муваффақ бўлинган.
Ёнғин бир соатдан кейин ўчирилган. Воқеа жойида қутқарувчилар олти кишининг жасадини топган. Ҳалок бўлганларнинг беш нафари Ўзбекистон фуқаролари. Ҳозирда уларнинг шахси Ўзбекистоннинг Қозондаги консуллиги ходимлари томонидан аниқланмоқда. Шундан сўнг уларнинг қариндошлари билан боғланилиб, жасадларни уйларига жўнатиш ишлари бошланади.
Ёнғиннинг дастлабки сабаби электр жиҳозларини ишлатиш қоидаларининг бузилишидир. Фожианинг барча ҳолатларига ойдинлик киритиш ишлари давом этмоқда.