Сўров: Ўзбекистонда диндор мусулмонлар нима хоҳламоқда?
2025 йил 2–4 май кунлари «Strategic Focus: Central Asia» Telegram-каналида «Ўзбекистонлик диндорлар нима истайди?» мавзусида ўтказилган сўровномада 700 нафардан ортиқ киши иштирок этди. Натижалардан кўриниб турибдики, дин жамият онгида ҳали ҳам муҳим ўрин тутади, бироқ уни замонавий мазмунда англаш ва ижтимоий ҳаётга интеграция қилишга бўлган эҳтиёж тобора ошиб бормоқда.
1. Диндорликнинг модернизацияси
Сўров қатнашчиларининг аксар қисми (58%) ўзини «ўртача даражада», 15% эса «юқори даражада» диндор деб ҳисоблайди. Бу шундан далолат берадики, дин кенг тарқалган бўлса-да, у кўпроқ шахсий масала сифатида қабул қилинмоқда. Фанатизм қайд этилмаган. Эътиборлиси, фақат 10% иштирокчи диний билимни уламолар ёки диний муассасалардан олишини айтган. 41% интернетдан, 34% эса китоблар орқали билим олмоқда. Бу эса анъанавий дин пешволарининг таъсири сўнмоқда, ракамлашган таълим ва мустақил ўрганиш эса ўсишда эканини кўрсатади.
2. Чекланган эркинлик ва эҳтиёткор ишонч
Фақат 22% иштирокчи мамлакатда диний эркинлик етарли деб ҳисоблайди. 43% — қисман, 35% эса умуман етарсиз деб билади. Расмий диний муассасаларга нисбатан ишонч ҳам баланд эмас: 30% тўлиқ, 50% эса қисман ишонади.
3. Дин ва жамият: ошиб бораётган талаблар
Жамоатчиликнинг катта қисми диний етакчиларнинг ижтимоий (64%) ва сиёсий (52%) ҳаётда фаолроқ бўлишини қўллаб-қувватламоқда. Респондентларнинг 54% мактабларда мажбурий тарзда диний билим ўқитилишини, 57% эса таълим муассасаларида диний кийим (масалан, ҳижоб)га рухсат берилишини маъқуллайди. Бу эса анъанавий қадриятларни замонавий институтлар билан уйғунлаштириш интилишини намоён этади.
4. Бугунги диндорлар учун асосий масалалар
Дин ва оила (56%) ҳамда фан ва таълимда диндорларнинг роли (56%) асосий муаммолар сифатида қайд этилган. Шунингдек, ёшлар тарбияси ва маънавият масаласи (46%) ҳам муҳим йўналиш сифатида ажралган. Фақат 12% респондент «диний иқтисодиёт»ни долзарб деб билган — бу эса эътибор кўпроқ маънавий ва маданий қадриятлар томон йўналтирилганини англатади.
5. Анъанавийликка ижтимоий талаб
Ҳанафийлик ва мотуридийлик каби анъанавий мазҳаб ва таълимотларни қўллаб-қувватлаш даражаси 53%ни ташкил этган. Бироқ 26% фуқаро муқобил йўналишлардан танлаш эркинлигини хоҳлайди. Шу билан бирга, респондентларнинг 80% мамлакатда диний таълим муассасалари етарли эмас деб ҳисоблайди. Бу эса маънавий тарбия соҳасида стратегик чоралар кўриш зарурлигини кўрсатади.
Хулоса
Ўзбекистонда дин ҳаёти тобора шахсий, онгли ва маърифий тус олмоқда. Жамиятда анъанавийликка ҳурмат сақланар экан, уни замон талаблари билан уйғунлаштириш истаги ҳам ортмоқда. Ўзбекистон фуқаролари динни фақат руҳий таянч эмас, балки онгли, илмли ва ижтимоий масъулиятли куч сифатида кўришни истамоқда.
Изоҳ: ушбу сўров натижалари «Strategic Focus: Central Asia» канали обуначиларининг нуқтаи назарини акс эттиради, бутун аҳоли фикри сифатида қабул қилиб бўлмайди.
Ҳамидуллоҳ Беруний