2024 йил 30 март Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сергели туман судида Солихон домла тахаллуси билан танилган Солихон Ортиқхўжаев устидан суд бўлиб ўтди, дея хабар қилмоқда Gazeta.uz.

Қайд этилишича, 2024 йил 30 март куни Сергели тумани ИИО ФМБ ходимлари ва ДХХ ходимлари жиноятда гумон қилиниб, қидирувда бўлган фуқаро бўйича қидирув ишлари олиб бориш давомида, тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарорга асосан Солихон Ортиқҳўжаевнинг уйига борган.

Аниқланишича, у ходимларга нисбатан самимий бўлмаган муносабатда бўлиб, бақир-чақир қилиб, баланд овозда «террорчи эмасман, сиёсатга қарши эмасман, жиноятчи эмасман» деб шовқин қилиб, шу ердан ўтиб кетаётган фуқароларнинг тинчилигини бузган. Шунингдек, ўзига тегишли бўлган телефон аппаратини тақдим қилиш сўралганида, уни тақдим этмасдан, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаган.

Суд мажлисида Солихон Ортиқхўжаев ҳуқуқбузарлик ҳаракатига қисман иқрорлик билдириб, лекин бақир-чақир қилмаганини айтиб суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўради.

Telegram мессенжери орқали сўроқ қилинган гувоҳ Ф. Ю. судда ҳақиқатдан ҳам 30 март куни ҳудуддан ўтиб кетаётганида, бақир-чақир овози эшитилганини, борганида Солихон Ортиқхўжаев баланд овозда бақириб ҳаммани ўзига жалб қилгани, унинг шовқинини ҳамма эшитганини айтган.

Суд Солихон Ортиқхўжаевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топиб, унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 340 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, сақлаш билан боғлиқ харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида, яъни 765 000 сўм ундирилиши белгиланган.

Мавзуга алоқадор