03.06.2025 10:13
90

Сибирни “ўзбекларнинг тарихий ватани” деган депутат партиядан чиқарилди

Россияда Ханти-Мансийск округи думаси депутати Холид Таги-Заде «Сибир – ўзбекларнинг тарихий ватани» деган баёноти ортидан Коммунистик партия сафидан чиқарилди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.

Хабарларга кўра, Таги-Заде мазкур фикрни жорий йил май ойида ўзининг шахсий ижтимоий тармоқ саҳифасида эълон қилган. Унинг сўзларига кўра, «Сибир азалдан туркий халқлар, жумладан, ўзбеклар яшаган ҳудуд ҳисобланади» ва бу ерни «ўзбекларнинг тарихий юрти» деб атаган.

Россия Коммунистик партиясининг Ханти-Мансийск бўлимидан берилган расмий баёнотда айтилишича, депутатнинг бу фикрлари партиянинг тарихий воқеликка бўлган ёндашуви ва сиёсий позициясига зид бўлган. Шу сабабли Холид Таги-Заденинг партия аъзолиги бекор қилинган.

Партия баёнотида шундай дейилади:
“Коммунистик партия Россия Федерациясида миллий ва тарихий бирликни ҳимоя қилади. Халқаро ва миллий муносабатлар бўйича бундай провокацион баёнотлар партия мақсадлари ва ғояларига зид ҳисобланади.”

Таги-Заденинг ўзи эса ҳозирча вазиятга расмий муносабат билдирмаган. Аммо унга яқин манбалар депутат ўз баёнотида ҳеч қандай адоват ёки сиёсий даъво йўқлигини, балки тарихий ҳақиқатни ифода этганини таъкидламоқда.

Мавзу Россия жамоатчилиги ва туркий мамлакатлар оммавий ахборот воситаларида ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, ўзбек фойдаланувчилари орасида депутатга нисбатан ижобий фикрлар ҳам, эҳтиёткорона муносабат ҳам кузатилмоқда.

Бу воқеа Россиядаги сиёсатчилар сўз эркинлиги ва миллий масалаларга муносабати борасидаги тортишувларни яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.