06.11.2024 15:23

Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Дональд Трампга Америка Қўшма Штатлари президенти сайловида ғалаба қозониб, ушбу лавозимга сайлангани муносабати билан табрик йўллади.

“Сайловлардаги ишончли ғалабангиз Сиздек бой тажрибали ва моҳир сиёсатчининг АҚШни халқаро майдондаги нуфузи ва иқтисодий қудратини ошириш, глобал тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга қаратилган дастур ва режаларингиз Америка халқи томонидан фаол қўллаб-қувватланганини яна бир бор яққол тасдиқлади”, - дейилади табрикда.

Шавкат Мирзиёев АҚШнинг Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзгармас позициясини, “ортга қайтмас тус олган туб ислоҳотларга кўрсатиб келаётган доимий кўмагини” алоҳида қадрлашини таъкидлади.

У айнан Трампнинг илк президентлик даврида, 2018 йил май ойида Оқ уйда ўтказган музокаралардан кейин Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даври бошланганини эслаб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари бундан кейин ҳам Трамп бошчилигидаги АҚШ Администрацияси билан дўстона алоқаларни изчил давом эттиришдан, олий ва юқори даражада эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга оширишдан манфаатдорлигини билдирди.

“Шунингдек, “С5+1” платформаси ва “Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли Битими” доирасида минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоримиз”, - деди у.

Шунингдек, табрикда келгусида Афғонистонда барқарор тинчликни таъминлаш ва унинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётига ҳисса қўшиш ўзаро ҳамкорлининг ажралмас қисмига айланишига ишонч билдирди.

Шунингдек, у Дональд Трампни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишини кутиб қолишини маълум қилди.

“Фурсатдан фойдаланиб, Сизни ушбу тарихий ғалабангиз билан яна бир бор чин қалбдан қутлаб, мустаҳкам саломатлик, бахт-саодат, бошланаётган масъулиятли фаолиятингизда янги омадлар, дўст Америка халқига эса тинчлик-тотувлик ва бардавом тараққиёт тилаб қоламан”, - дейилади табрик сўнгида.

 

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.