10.01.2025 07:39

Саудиялик 19 фарзанднинг онаси докторлик диссертациясини ёқлашга тайёрланмоқда

Саудия Арабистонининг кўп болали онаси Ҳамда ал-Рувайли 19 нафар фарзандни тарбиялаб, бир вақтнинг ўзида докторлик диссертацияси устида ишламоқда. Унинг муваффақиятлари ва мувозанат топиш сирлари жамоатчилик эътиборини қозонди.

43 ёшли Ҳамда 10 ўғил ва 9 қизни тарбиялаш билан бирга ўқиш ва ишлашни қандай уйғунлаштиргани ҳақида "Ал Эҳбария" телеканалига интервью берди. Унинг айтишича, кундузи иш ва фарзандларига вақт ажратса, кечалари ўқиш билан шуғулланган.

“Мен кун тартибсизлигини ёқтирмайман, кунимни режалаштириб яшайман”,  дейди ал-Рувайли. У болаларни тарбиялашдаги сабр ва кучни ўқитувчилар ҳамда армия қўмондонларидан ўрганганини таъкидлади. Унинг фикрича, бир фарзандни тарбиялаш билан ўн болани тарбиялаш ўртасида фарқ йўқ, чунки ҳар бир болага ёндашув масъулиятни талаб қилади.

Ҳамда ал-Рувайли болаларининг барчаси аълочи талабалар. Қизларидан бири Қирол Абдулазиз иқтидорли болалар марказида ўқишда қўллаб-қувватланади.

Унинг таъкидлашича, катта оилага эга бўлиш, ўқиш ва шахсий ривожланишни уйғунлаштириш осон эмас, аммо режалаштириш ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш билан бунга эришиш мумкин. “Академик орзуимдан воз кечмаганим учун Оллоҳга шукр қиламан. Бу муваффақият осон бўлмади, аммо меҳнат ва тартиб билан ҳар нарсага эришса бўлади”,  дейди Ҳамда ал-Рувайли.

Унинг тажрибаси муваффақиятга эришишда интизом ва масъулият қанчалик муҳимлигини кўрсатиб беради.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.