17.12.2024 12:47

Россиядаги ЙТҲда 5 ўзбекистонлик ҳалок бўлди

17 декабрь куни Россиянинг Ульяновск вилоятида Cobalt енгил автомобили ва MAZ юк машинаси ўртасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 5 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси хабар берди.


Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 05:10 атрофида Саранск — Сурское — Ульяновск йўналишида рўй берган. Россия Ички ишлар вазирлигининг Ульяновск вилояти бошқармасига кўра, Cobalt ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши ҳаракат йўлагига чиқиб кетган ва юк машинаси билан тўқнашган.


Берилган маълумотга кўра, 5 нафар Ўзбекистон фуқаролари: К.С.; 47 ёшли А.А.; 47 ёшли Б.О.; 36 ёшли Ж.И.; 20 ёшли К.А, ҳалок бўлган. Юк машинаси ҳайдовчиси эса оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси ҳолатни назоратга олган ва ваколатли органлар билан биргаликда ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанга қайтариш чораларини кўрмоқда.
Ҳодиса бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, бош консулхона воқеа билан боғлиқ барча зарур маълумотларни тақдим этиш ва фуқароларга кўмак бериш учун қуйидаги телефон рақамларини тақдим қилди:

+7−843−526−55−63
+7−843−526−55−64
+7−843−526−55−65
Telegram: @kazan_mfa_uz

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.