Остона шаҳрида (Қозоғистон) V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари якунланди. Навбатдаги ўйинларга мезбонлик қилиш эстафетаси Қирғизистонга топширилди, деб хабар қилмоқда Қирғизистон Маданият вазирлиги.

8-13 сентябрь кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари бўлиб ўтди. Унда 89 давлатдан 2500 дан ортиқ спортчи иштирок этди. Улар кураш, алиш, арқон тортиш, камондан ўқ отиш, пойга, паҳлавонлар беллашуви каби 21 спорт тури бўйича ўзаро курашдилар.

Ўйинлар медаллар жамғармасида Ўзбекистон терма жамоаси 11 та олтин, 12 та кумуш ва 11 та бронза — жами 34 та медал билан тўртинчи ўринни эгаллади.

Биринчи ўрин эса 114 та медаль: 43 та олтин, 34 та кумуш ва 37 та бронза билан Қозоғистон терма жамоасига насиб этди. Иккинчи ўринни 19 олтин, 21 кумуш ва 25 бронза (64) билан Қирғизистон терма жамоаси, учинчи ўринни 12 та олтин, 10 та кумуш ва 25 та бронза (47) медаль билан Россия эгаллади. Кучли бешликдан Туркия (6) ҳам жой олди.

Ўйинларнинг «Остона арена»да бўлиб ўтган очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Татаристон раиси Рустам Минниханов ва бошқа хорижий меҳмонлар қатнашди.

Мавзуга алоқадор