Қозоғистонда ҳудудий мудофаа кучлари ташкил этиладими?
Қозоғистон ҳукумати мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар бир вилоятда ҳудудий мудофаа бригадаларини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилди. TRT нашрининг хабар қилишича, айни пайтда бу ташаббус Россия билан чегарадош ҳудудларда изчил амалга оширилмоқда — 20 та бригаданинг 8 таси айнан шу йўналишда жойлаштирилади.
Манбага кўра, ҳудудий мудофаа тузилмаси уруш ёки ҳарбий ҳолат эълон қилинганда стратегик обектларни ҳимоя қилиш, мудофаа иншоотларини қуриш, аҳолининг эвакуациясини ташкил этиш ҳамда зарурат туғилганда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш каби вазифаларни бажаради.
2023 йилда илгари сурилган бу ташаббус 2024 йил апрел ойида парламентнинг қуйи палатаси — Мажлис томонидан бир овоздан маъқулланди. Асосий мақсад — мамлакат мудофаа салоҳиятини ошириш ва ички хавфсизликни таъминлашдир, дейилади расмийлар берган баёнотда.
Айрим оммавий ахборот воситаларида Россия билан чегарадаги кучлар сонининг кўплиги сабабли Қозоғистоннинг Москва билан эҳтимолий можарога тайёргарлик кўраётгани ҳақида тахминлар пайдо бўлди. Бу ҳолатга Мудофаа вазирлиги расмий баёнот бериб, қонун лойиҳасида ҳеч қандай Россия томонига агрессия йўқлигини таъкидлади.
Шунга қарамай, Кремль билан муносабатларда кескинлик аломатлари кузатилиб турибди. Хусусан, 2022 йилда Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведев номига тегишли “ВКонтакте” саҳифасида Қозоғистон “сунъий давлат” сифатида тилга олинган. Кейинчалик бу аккаунт бузиб кирилган деб эълон қилинган бўлса-да, ҳолат икки томонлама муносабатлардаги ишончга путур етказди.
Шунингдек, Москва томонидан Қозоғистоннинг давлат тилини ривожлантириш сиёсати ҳам мунтазам танқид қилинмоқда. Бироқ расмий даражада бу муносабатлар совуқлашгани кузатилмаяпти: ўтган йили икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми $28 миллиарддан ошди.
Мутахассислар фикрига кўра, Қозоғистон ҳудудий мудофаа тизимини фаоллаштиришга геосиёсий муҳитдаги ўзгаришлар, хусусан, Украинадаги уруш, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги қуролли тўқнашувлар, Хитойнинг ҳарбий фаоллиги ва Афғонистондаги вазият сабаб бўлган.
Қуролли Кучлар сони атиги 40 минг нафарни ташкил этувчи мамлакат учун ихтиёрий мудофаа бригадалари стратегик захира сифатида қаралмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, Қозоғистон жамияти демилитаризациялашган бўлиб, аҳолининг ҳарбий тайёргарлиги паст даражада.
Глобал хавфсизлик тизимидаги беқарорлик фонида Европа давлатлари НАТОга муқобил блок яратиш ғоясини муҳокама қилмоқда. Марказий Осиё давлатлари эса Коллектив хавфсизлик шартномаси ташқарисида ҳам янги хавфсизлик моделини изламоқда. Қозоғистоннинг ҳудудий мудофаа кучларини жорий этиш ташаббуси айнан шу жараёнларнинг минтақавий аксидир.