24.06.2025 13:40
122

Қозоғистонда компьютер ўйинларига исломий баҳо берилди

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси компьютер ўйинларига исломий нуқтаи назардан баҳо берди.

Бошқарманинг баёнотида айтилишича, мусулмонларнинг зўравонлик, қотиллик, уруш, динсизлик ва Исломни масхара қилиш каби саҳналари мавжуд бўлган ўйинларни ўйнаши қатъиян ман этилади. Бу Counter-Strike 2, Dota 2, GTA каби оммалашган, бироқ исломий ахлоққа зид бўлган ва номақбул контентларни ўз ичига олган ўйинлар мусулмонларга жоиз эмаслигини англатади.

Бундан ташқари, бошқарма мутахассислари мўмин-мусулмонлар учун қимор ўйинлари ҳам мутлақо ман этилганини эслатиб қўйди. 

"Ўйинда қиморга хос унсурлар бўлмаслиги керак. Зотан, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: "Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз ("Моида" сураси, 90-оят )!" дейилади баёнотда.

Шу билан бирга, бошқарма баъзи компьютер ўйинлари зарарли эмас, аксинча манфаатли эканини ҳам қўшимча қилган. Чунки бундай ўйинлар тафаккурни, мантиқий фикрлашни ва дунёқарашни ривожлантиради ҳамда инсонни кундалик ташвишларидан бир муддат чалғитишга хизмат қилади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.