Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги “Ўрда” тоғ полигонида Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Қатар ва Покистон ҳарбийлари иштирокидаги “Чексиз биродарлик-III” машғулотлари якунланди.

Машғулотларни ушбу олти мамлакат Қуролли Кучлари қўмондонлари кузатиб борди. Шунингдек, Туркистон вилоятидаги машғулотларга Иордания ва Қирғизистондан ҳам кузатувчилар таклиф қилинди.

Дастлаб, «Ўрда» полигонида қурол-яроғ, ҳарбий техника ва кийим-кечак намуналари кўргазмаси намойиш этилди. Сўнгра амалий ҳаракатлар намойиши бошланди.


Олти давлатнинг бирлашган гуруҳларига чегарани бузиб ўтган шартли ноқонуний қуролли гуруҳни тўсиб қўйиш ва йўқ қилиш вазифаси юклатилди. Жангариларнинг дронлардан фойдаланишга уриниши электрон уруш орқали бартараф этилган.

Тактик десант гуруҳи қўмондонлик чўққиларини забт этди, ҳужум эса камикадзе дронлари, авиация ва квадроцикллардаги мобил гуруҳлар томонидан қўллаб-қувватланди. Душман бинога бостириб кирганидан сўнг, туннелда дронлар ёрдамида “йўқ қилинди”.

Амалиёт якунида қўмондонлар иштирокчиларни табриклаб, террорчилик таҳдидларига қарши курашда кучларни бирлаштириш муҳимлигини таъкидлашди. Машқлар қўшинларнинг изчил ва самарали ҳаракат қилишга тайёрлиги тасдиқлагани қайд этилди.

Машғулотлар тажриба алмашиш, қўмондонлик-назорат органлари ва ҳарбий контингентлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик даражасини ошириш, бўлинмалар шахсий таркибини индивидуал ва гуруҳли тайёрлашга қаратилганига урғу қаратилди.

Машқларнинг энг яхши иштирокчилари тақдирланди. Машғулотларда жами 400 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар иштирок этди.


Мавзуга алоқадор