18.01.2025 06:30

Қозоғистон мусулмонлари идораси квадробинг бўйича қарор қабул қилди

Қозоғистон мусулмонлари идораси квадробинг билан боғлиқ муҳокамалар натижасида қарор қабул қилди. Мазкур ҳаракатни айримлар шунчаки ҳобби ёки спорт тури деб баҳолаган бўлса-да, мамлакат мусулмонлар диний идораси квадробингни ислом нормаларига зид деб топди.

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (ҚМДБ) ва илоҳиётчилар таъкидлаганидек, тўрт оёқлаб ҳаракатланиш инсоннинг қадр-қимматини камситади ва уни ҳайвонлар даражасига туширади. Улар бу фикрларини Қуръоннинг “Анжир” сурасидан келтирилган оят билан асосладилар:

 “Биз одамзотни энг гўзал қиёфада яратдик”

Илоҳиётчиларнинг хулосасига кўра, ҳайвонларнинг хулқ-атворини қасддан тақлид қилиш, масалан, итдек ҳуриш ёки эшакдек бақириш каби ҳаракатлар Аллоҳнинг яратган табиий қиёфасини ўзгартириш саналади.

Шу билан бирга, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси инсон хислатларини ҳайвонларга ўхшатиб бериш санъат ёки адабиёт жанрида қўлланилишига қарши эмаслигини маълум қилди. Масалан, шердек мардлик ёки тулкидек айёрлик каби қиёслашлар жоиз деб топилди. Шунингдек, ҳайвонларнинг кийимида саҳна кўринишларини намойиш этиш тақиқланган амаллардан эмас.

Бундан аввал Россияда ҳам квадробингга қарши чиқишлар бўлган. Бир қатор сиёсатчилар ва диний арбоблар ушбу ҳаракатни инсоний қадр-қимматга хилоф деб аташган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.