11.12.2024 09:39
527
Қозоғистон муфтияти йўлда намоз ўқиётганларга мурожаат қилди
Муфтият мусулмонлардан намоз вақтида ноқулайликка йўл қўймаслик учун кун тартибини олдиндан режалаштириш, масжидларга ўз вақтида етиб бориш, агар намоз вақти йўлда топилса, бошқаларга қийинчилик туғдирмайдиган қулай жой танлашни сўради.
Муфтият таъкидича, ислом таълимотига кўра, жамоатчилик қоидаларига риоя қилиш, тартиб ва қонун устуворлигини сақлаш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.
Муфтиятнинг ушбу мурожаати жума намози вақтида Олмаота марказий масжидида юзага келган ҳолат сабабли эълон қилинди. Намозга шошилаётган мусулмонлар йўл бўйида транспорт воситаларини тартибсиз тарк этиб, йўл ўртасида намоз ўқишган. Бу ҳолат йўлларда катта тирбандлик ва кўплаб норозиликларга сабаб бўлди.
Ислом дини қоидаларида жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади. Йўлда намоз ўқиш нафақат бошқаларга ноқулайлик туғдиради, балки йўл ҳаракати қоидаларига зид равишда хавфли вазиятлар яратиши мумкин. Муфтият ушбу ҳолатларни олдини олиш учун мусулмонларни масъулиятли бўлишга чақиради.