31.01.2025 13:04
195
Қирғизистонда тўй ва дафн маросимларини тартибга солиш таклиф этилди
Қирғизистонда дафн маросимлари, тўй ва бошқа оилавий тадбирларда исрофгарчиликка қарши курашишни таклиф қилувчи қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди, деб хабар берди Kloop.
Қонун лойиҳаси бир қатор тақиқларни назарда тутади:
- дафн маросимларида майда чорва, от ёки қорамол сўйиш тақиқланади;
- марҳум дафн этилгач, уч кундан сўнг бир бош от ёки қорамол сўйиш билан хотира тадбири ўтказилиши мумкин;
- 7 кун, 40 кун ва йиллик маърака ўтказиш тақиқланади;
- тўйга 250 нафардан ортиқ одам чақириш тақиқланади ва фақат бир бош қорамол ёки от сўйилиши мумкин;
- келин узатиш кечасига 100 нафардан ортиқ меҳмон кела олмайди;
- агар тўй ва қиз узатуви бирга ўтказилса, унда 350 нафардан ортиқ одам таклиф қилиниши мумкин эмас;
- тўй кортежига учтадан кўп бўлмаган машина рухсат этилади ва бошқа чекловлар.
Ушбу тақиқлар бузилган тақдирда тадбир эгасини 300 минг қирғиз сўми (≈44,5 млн сўм), муассаса эгасини эса 200 минг қирғиз сўми (≈29,6 млн сўм) миқдорида жарима солиш таклиф қилинмоқда.
Қонун лойиҳаси ташаббускори, депутат Замирбек Мамасодиқов сўзларига кўра, сўнгги йилларда қирғизистонликлар турли байрам тадбирларига ҳаддан ташқари кўп маблағ сарфламоқда, бу эса «оила бюджетига жиддий зарар етказмоқда».
Кўпинча оилалар бундай тадбирларни ўтказиш учун кредит олишга мажбур бўлмоқда, бу эса ҳалокатли оқибатларга, жумладан, ажралишларга олиб келяпти.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2022 йилда тўй ва диний маросимларда исрофгарчиликнинг олдини олиш бўйича фармон имзолаган эди. 2024 йилда эса қабр тошларини ўрнатишга чекловлар киритилган.
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан сўнг парламентга тақдим этилиши кутилмоқда.