Ўш вилояти Новқат тумани Абшир Ота қишлоғига сел келиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 9 кишига етди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, табиий офат қурбонларининг аксарияти 8 ёшдан 19 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлардир. Шунингдек, сел келиши оқибатида икки аёл ҳам вафот этган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жами 53 нафар ходими қутқарув ишларига жалб қилинган.

Бундан ташқари, ички ишлар вазирлигининг 120 нафар ходими, Мудофаа вазирлигининг 50 нафар ходими ҳамда 150 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари  ҳам жараёнда иштирок этяпти. Воқеа жойида жами 373 киши ишламоқда.

Кўприклар ва йўлларнинг вайрон бўлишига, одамларнинг ўлимига сабаб бўлган сел оқибатида Новқат туманида фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Абшир Ота дам олиш масканида 1300 дан ортиқ одам қолиб кетган, уларнинг барчаси эвакуация қилинган.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Ўш-Раззоқов автомобиль йўлининг 63-километрида Найман кўприги сел оқими туфайли қулаб тушган. Кўприкнинг қулаши сел оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилаётган вақтда содир бўлган. Воқеа жойида реставрация ишлари олиб борилаётгани айтилмоқда.

Мавзуга алоқадор