23.05.2025 06:07
104

Қирғизистонда ноқонуний юрган чет элликларга 10 июнгача муҳлат берилди

Қирғизистонда 10 июндан «Нелегал» деб номланган кенг кўламли махсус операция бошланади. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) расмий равишда маълум қилди.

Операциядан кўзланган мақсад мамлакатда ноқонуний равишда яшаб келаётган хорижлик фуқароларни аниқлаш, миграция қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларни бартараф этишдан иборат.

МХДҚ маълумотларига кўра, 10 июнга қадар Қирғизистон ҳудудида қонуний асосда бўлмаган барча хорижликлар ўз ҳуқуқий мақомини расмийлаштириши ёки мамлакатни ихтиёрий тарк этиши талаб қилинади. Бу давр мобайнида ҳуқуқбузарликларни ўз ихтиёри билан бартараф этган шахсларга нисбатан енгиллаштирилган чоралар қўлланилиши мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда Қирғизистонда тахминан 5 минг нафар ноқонуний муҳожир мавжуд. Улар асосан меҳнат фаолияти, савдо-сотиқ ёки бошқа мақсадларда мамлакатда қонуний рўйхатдан ўтмасдан қолган хорижликлардир.

«Нелегал» операцияси Қирғизистонда миграция тизимини яхшилаш, жиноятчиликни олдини олиш ва мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилади. Операция доирасида турли ҳуқуқ-тартибот органлари, жумладан, полиция, миграция хизмати ва маҳаллий ҳокимиятлар фаол иштирок этади.

Расмий манбаларнинг қайд этишича, бу каби чора-тадбирлар нафақат мамлакат ички тартибини сақлаш, балки қонуний яшашни хоҳлаётган хорижликларга ҳам имконият яратишга қаратилган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.