24.12.2024 09:28
637

Қирғизистон Хитойга электр энергияси экспорт қилишга тайёргарлик кўрмоқда

Қирғизистон Хитойга электр энергиясини экспорт қилиш бўйича тайёргарлик ишларини амалга оширмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров 23 декабрь куни Энергетика вазирлигининг 90 йиллигига бағишланган тадбирда маълум қилди.

Президентнинг таъкидлашича, мамлакат энергетика инфратузилмасини ривожлантириш доирасида қатор стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, CАСА-1000 лойиҳаси доирасида Афғонистон ва Покистонга электр энергиясини экспорт қилиш учун барча инфратузилма қурилиши якунланган. Бундан ташқари, Хитойга электр энергиясини етказиб беришни таъминлайдиган кучли подстанцияларни барпо этиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Жапаров мамлакатда қуёш ва шамол электр станцияларининг қурилиши бошланганини ва инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилаётганини ҳам таъкидлади. Бу шарт-шароитлар солиқ имтиёзлари, инвестицияларга кафолатлар ва электр энергияси нархини хорижий валютада белгилаш имкониятини ўз ичига олади. 

Қирғизистонда қурилаётган Қамбар-Ота ГЭС-1 каби йирик иншоотлар мамлакатни нафақат энергетик мустақилликка эришиш, балки электр энергиясини бошқа давлатларга экспорт қилиш имконияти билан таъминлашга йўналтирилган.

CАСА-1000 лойиҳасига мувофиқ, Қирғизистон ва Тожикистондан Афғонистон ва Покистонга электр энергиясини етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳа минтақавий энергетика ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим қадам ҳисобланади.

Шунингдек, Жапаров сўнгги ўттиз йил ичида республикада бирорта ҳам янги ГЭС қурилмаганини ва энергетика ускуналарининг янгиланмаганини таъкидлаб, ҳозирги ҳукуматнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.