Қибрисда тинчликпарварлик амалиёти ўтказилганига 50 йил тўлди
Қибрис (Кипр) оролида яшаб келаётган турк мусулмонларига қарши этник тозалаш ва бошқа жиноятларга барҳам бериш мақсадида 1974 йилнинг 20 июль куни оролда тинчликпарварлик амалиёти ўтказилган эди. Код номи “Атилла операцияси” бўлган ушбу амалиёт Туркия қуролли кучлари орол шимолига қўшин ташлаши (дастлаб 10 минг нафар, кейинчалик улар сони 40 минг нафарга етказилди) билан бошланади. Пентемили пляжи ҳудудида қизғин жанг бўлиб ўтади.
23 июль куни фаол ҳарбий ҳаракатлар тугайди. Шу куни Қибрис юнон артиллериясининг учта позицияси турк қўшинлари томонидан ўққа тутилади.
16 август куни эса ҳарбий ҳаракатларнинг иккинчи босқичи якунланди. Якунда орол шимолида Шимолий Қибрис Турк Республикаси ташкил этилди.
“Википедиа” маълумотларига кўра, амалиёт давомида:
Қибрис юнонларидан 309 киши ҳалок бўлган, 909 киши бедарак йўқолган, 1141 киши яраланган. 12 танк, 7 зирҳли транспорт воситаси, 46 та аслаҳа асосан самолётлар томонидан йўқ қилинган ва ташлаб кетилган.
Грециядан 88 киши ҳалок бўлди, 83 киши бедарак йўқолди, 148 киши яраланди. 4 та самолёт уриб туширилди ёки ҳисобдан чиқарилди;
Кипр туркларидан 70 киши ҳалок бўлди, бедарак йўқолган ва яраланганлар ҳақида маълумот йўқ;
Туркиядан 498 киши ҳалок бўлди, 1200 киши яраланди. 26 та танк, 4 та зирҳли транспорт воситаси, 24 та аслаҳа, 1 та эсминец, 14 та самолёт ва вертолёт уриб туширилган ва ҳалокатга учраган.
Аввалроқ Туркий давлатлар ташкилоти саммитида илк бор иштирок этган Шимолий Қибрис Турк Республикаси президенти Эрсин Татар Туркия ва Қибрис Турк Республикаси (ҚТР) томонидан “Қибрис тинчлик ҳаракати” амалга оширилмаганида, ҳарбий хунта мусулмонларни оролдан батамом йўқ қилиб юборган, бугун у ерда турклар яшамаган бўларди, деган эди.
Маълумот учун, 1571 йилда венецияликлардан олинган ва 307 йил давомида Усмонлилар ҳукмронлиги остида қолган Қибрис бошқаруви 1878 йилда ҳукмронлик ҳуқуқи Усмонлилар империясида қолган ҳолда Англияга ўтказилди. Биринчи жаҳон уруши даврида Усмонли империяси ва Англиянинг турли тарафда бўлиши натижасида Англия 1914 йилда бир томонлама қарор билан оролни қўшиб олди. Туркия 1923 йилда Лозанна шартномаси билан Британиянинг оролдаги суверенитетини тан олди.