23.05.2025 07:16
175

Қашқадарёда “Жиҳодчилар” оқимининг 8 аъзоси қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ички ишлар органлари ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида “Жиҳодчилар” диний экстремистик оқимининг яширин жамоати фош этилди.

Хусусан, Қарши туманида яшовчи, 1977 й.т., муқаддам Жиноят Кодексининг 155, 159, 244 прим 1, 244 прим 2 ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун бир неча бор судланган, ўта хавфли рецидивист Қарши шаҳри ҳамда Қарши туманида истиқомат қилувчи, 1964-1986 йиллар оралиғида туғилган 7 нафар фуқарони жалб қилган ҳолда ноқонуний диний жамоат тузган.

Тергов даврида аниқланишича, гуруҳ аъзолари 2024 йил январь ойидан бошлаб ҳар ўн кунда бир ўз яшаш хонадонларида йиғилишлар ўтказиб, “ҳалифалик давлати” барпо этиш масалаларини муҳокама қилишган.

Шунингдек, улар ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террористик ташкилотларни ғоявий даъватчиларининг жиҳод, ҳижрат, ҳалифалик тўғрисидаги аудио-видео материалларни ўзаро бир-бирларига тарқатиб, ўз сафларини кенгайтириш мақсадида бошқа фуқаролар онгига ҳам экстремистик ғояларни сингдиришга ҳаракат қилишган.

Таъкидланишича, гуруҳ етакчиси ва аъзоларининг 4 нафари муқаддам Жиноят Кодексининг 159, 244 прим 1 моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди томонидан мазкур шахслар тегишлилиги бўйича Жиноят Кодексининг 159, 244 прим 1 ва 244 прим 2-моддалари билан айбли деб топилиб, уларга 6 йилдан 10 йил 6 ойгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.