18 август куни Россия президенти Владимир Путин икки кунлик давлат ташрифи билан Бокуга келди. Бу ҳақда РФ ва Озарбайжон президентларининг матбуот хизматлари хабар берди.

Ўша куни кечқурун Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг қароргоҳида Россия раҳбари билан норасмий кечки овқат бўлиб ўтди. “РИА Новости”нинг ёзишича, сиёсатчилар бир-бирини қучоқлаб, илиқ саломлашган. Путин Озарбайжоннинг биринчи хоними Меҳрибон Алиевага гул топширган.

Ташриф дастурига Путин ва Алиев ўртасидаги музокаралар киритилган. “Президентлар минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари, хусусан, Озарбайжон-Арманистон келишуви мавзуси бўйича фикр алмашадилар”, — дейилади Кремль хабарида. Шунингдек, Россия-Озарбайжон муносабатларини ривожлантириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинади.

Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши ва қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Бу Путиннинг 2018 йил сентябридан бери Бокуга илк ташрифи. Лидерларнинг сўнгги учрашуви 2024 йил апрелида Москвада бўлиб ўтган.

2024 йил бошидан буён Путин Ўзбекистон, Шимолий Корея ва Вьетнамга давлат ташрифларини амалга оширди, шунингдек, Хитой, Беларус ва Қозоғистонга амалий ташрифлар билан борди.

Мавзуга алоқадор