28.12.2024 17:19
624
Путин Озарбайжон самолётига етказилган зарар учун узр сўради
Россия президенти Владимир Путин 25 декабрь куни Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines самолётига Россия ҳаво ҳудудида «физик ва техник таъсир» бўлгани сабаб юзага келган ҳолат учун Озарбайжон президенти Илҳом Алиевдан узр сўради. Бу ҳақда Озарбайжон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Фожиали воқеа натижасида самолёт экипажи бошқарувни йўқотиб, Ақтау шаҳрига қўнишга мажбур бўлган. Алиевнинг айтишича, самолёт корпусида «тешиклар ва ёт зарралар таъсири белгиси» аниқланган. Йўловчилар ва экипаж аъзолари жароҳатланган.
Икки давлат раҳбарлари ҳолатни кенг қамровли тергов қилиш ва масъулларни жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидлаган. Шунингдек, Озарбайжон томони халқаро экспертлар гуруҳи ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.
Аввалроқ, Кремль ҳам воқеа юзасидан Россиянинг узр сўраганини тасдиқлаган эди. Аммо «физик ва техник таъсир» ҳақида аниқ маълумот берилмаган.