08.11.2024 12:01
869

Озарбайжонда Ғалаба куни нишонланмоқда

8 ноябрь куни Озарбайжонда Ватан урушидаги Ғалабанинг тўрт йиллиги нишонланади.

2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланган қарши ҳужум операциясининг дастлабки соатлариданоқ Озарбайжон армияси Арманистон Қуролли Кучларининг мустаҳкам мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, республиканинг Физулий ва Жабраил туманларидаги босиб олинган бир қатор қишлоқлар, шунингдек, стратегик баландликлар, жумладан Муровдаг тизмасидаги Муров чўққиси қайтариб олинди.

Бутун 44 кунлик уруш давомида Озарбайжон армияси ўнлаб йиллар давомида Арманистон ишғоли остида бўлган ерларни озод қилди.

Жумладан, 4 октябрда Жабраил шаҳри, 9 октябрга келиб Жабраил, Фузулий, Тертер, Хўжавенд туманларидаги қишлоқлар, жумладан, Ҳадрут қишлоғи эгалланди.

17 октябрда Фузулий шаҳри Арманистон ишғолидан озод қилинган бўлса, бир кун ўтиб, 18 октябрь куни машҳур Худаферин кўприги устида Озарбайжон байроғи ўрнатилди.

19—20 октябрга қадар Жабрайил, Фузулий, Хўжавенд ва Зангилон туманларидаги яна бир қатор аҳоли пунктлари, жумладан, Зангилон шаҳри эгаллаб олинди.

22 октябрь куни Зангилон туманининг Агбанд қишлоғи озод этилиши билан Озарбайжон Эрон билан давлат чегарасини тўлиқ назорат қилишни таъминлади.

2020 йилнинг 21-26 октябрь кунлари Зангилон, Жабраил, Фузулий, Хўжавенд, Губадли туманларидаги аҳоли пунктлари ҳамда Губадли шаҳри озод қилинди. Бу Озарбайжон армиясига Арманистонни Қорабоғдаги айирмачилар билан боғловчи асосий магистрални ўз назоратига олиш имконини берди.

8 ноябрь куни Шуша шаҳрининг озод қилиниши Арманистон қуролли кучларининг қаршилик кучи ва руҳиятини бутунлай синдириб, Ереванни таслим бўлишга мажбур қилди.

Операция бошланганидан 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар Озарбайжон армияси 5 та шаҳар, 4 та шаҳарча ва 286 дан ортиқ қишлоқни арман босқинчиларидан озод қилди.

10 ноябрь куни Озарбайжон президенти, Арманистон бош вазири ва Россия президенти Қорабоғда ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва барча ҳарбий амалиётлар тўғрисидаги баёнотни имзолади.

Баёнотга кўра, 20 ноябрь куни Агдам тумани Озарбайжонга қайтарилди – шу орқали минтақанинг 73 фоизи, жумладан Агдам шаҳри ҳам ишғолдан озод қилинди.

25 ноябрь куни Калбажар тумани Озарбайжонга қайтарилди - 147 аҳоли пункти, жумладан, Калбажар шаҳри ишғолдан озод қилинди.

1 декабрда эса Лочин тумани Озарбайжонга қайтарилди.

2020 йил 3 декабрда президент Илҳом Алиев Озарбайжонда 27 сентябрни Хотира куни деб белгилаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Озарбайжон раҳбарининг яна бир фармойишига кўра, Шуша шаҳри ишғолдан озод қилинган кун — 8 ноябрь Озарбайжон Республикасида Ғалаба куни сифатида тантанали равишда нишонланади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.