22.03.2025 06:59
277

Озарбайжон ва исроил: улар қандай қилиб қадрдон бўлиб қолишди?

Озарбайжон ва исроил сўнгги йилларда стратегик, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан муҳим иттифоқдошларга айланишди. Албатта, аксар аҳолиси шиа мусулмонларидан иборат бўлган озарларнинг Ғазода бегуноҳ фаластинликлар қонини тўкаётган сионистлар билан ош-қатиқ бўлиши кўпчиликнинг эътиборини тортмасдан қолмади. Ушбу мақоламизда озарлар ва яҳудлар "дўстлиги"ни танқид қилмоқчи эмасмиз, балки икки давлатнинг яқин ҳамкорлиги сабабларига тўхталамиз.

Таҳлилчилар озарлар ва яҳудийлар "дўстлашуви" сабабларидан бири сифатида Эрон ташқи сиёсатини тилга олишади. Форслар Озарбайжоннинг жанубий чегарасида жойлашгани учун мамлакатдаги шиа аҳолиси орқали минтақавий таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилаётгани айтилади. Бунга жавобан Озарбайжон ўз хавфсизлигини таъминлаш учун турли стратегияларни ишлаб чиқди. Расмий Боку стратегик мувозанат сифатида Тель-Авив билан ҳарбий ва технологик ҳамкорликни кучайтирди. Озарбайжоннинг 2012 йилда исроилнинг Aerospace Industries компанияси билан 1,6 миллиард долларлик шартнома имзолагани ва сионистлардан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олгани ҳам шу жумладандир.

Озарбайжон минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан исроил билан яқин ҳамкорликни танлаган бўлса, исроил ҳам Яқин Шарқдаги таъсирини кучайтириш учун Озарбайжонни стратегик шерик сифатида кўрди.

Бундан ташқари Озарбайжоннинг бой энергия ресурслари ҳам уни сионистлар учун жозибадор мамлакатга айлантирди. Каспий денгизидан қазиб олинадиган нефть ва табиий газ Озарбайжоннинг энг йирик иқтисодий ресурслари ҳисоблананди. Бугунги кунга келиб озар нефти исроилнинг энергия эҳтиёжларини қондириш учун муҳим манбага айланди. Сионистлар 2000 йиллар бошидан бери Озарбайжон нефтининг асосий харидори ҳисобланади. Айниқса, 2016 йилда икки давлат расмийлари ўртасида муҳим келишув имзоланган бўлиб, ушбу ҳужжат орқали исроил узоқ муддат кавказликларнинг энергия ресурсларидан фойдаланадиган бўлди. Масалан, яҳудийлар 2018 йилда 600 минг тоннага яқин озар нефтини сотиб олди.

Шу ўринда ўзаро ҳарбий ҳамкорлик ҳам икки давлат дўстлигининг муҳим омили эканини айтиш жоиз. Охирги йилларда Озарбайжон босқинчи исроилдан илғор қурол тизимлари, дронлар ва ракетага қарши мудофаа технологияларини сотиб оляпти. Озарбайжон бу ҳарбий ёрдамдан, айниқса, Арманистон билан Тоғли Қорабоғ можароси пайтида унумли фойдаланди.

2020 йилги уруш даврида Озарбайжон Исроилдан сотиб олинган разведкачи дронлар ва бошқа мудофаа тизимларидан самарали фойдаланди. Ҳарбий экспертлар туркларнинг Bayraktar TB2 сингари учувчисиз учоқлари қаторида яҳудийларнинг жосуслик дронлари ҳамда мудофаа тизимлари ҳам "Пашиняннинг жуда тез мағлуб бўлиши"га ҳисса қўшганини айтишади.

Яқин тарихга назар ташласак, Озарбайжон ва Исроил муносабатлари Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин янада мустаҳкамланди. Озарбайжон мустақилликка эришгач, ўзининг ташқи сиёсатида Ғарб билан яқин муносабатлар ўрнатиш йўлига ўтди. Ушбу жараёнда исроил билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутди. Қолаверса, Озарбайжондаги кичик яҳудий жамияти бу икки давлат ўртасидаги алоқаларни маданий жиҳатдан мустаҳкамловчи омил бўлди.

Шунга қарамай, ушбу иттифоқдошлик марказида исроилнинг Яқин Шарқдаги таъсирини ошириш стратегияси турганини унутмаслик лозим. Айни дамда сионистлар ўзларининг босқинчилик сиёсатини давом эттириб, АҚШ ва Ғарб давлатлари кўмагида фаластинликларни қирғин қилиб, уларни туғилиб ўсган уйларидан қувмоқда. Ҳаттоки қўшни давлатлар – Ливан ва Сурия суверинитетига ҳам дахл қилиб, қўшни давлатларнинг ерларига қўшин киритяпти.

90-йиллардаёқ сионистлар Озарбайжонни нафақат энергия ресурслари, балки минтақадаги стратегик жойлашуви туфайли ҳам муҳим аҳамиятга эгалигини тушуниб етди. Шундан келиб чиқиб исроил Озарбайжон ресурсларидан фойдаланган ҳолда энергия хавфсизлигига эришиши қаторида минтақа давлатлари, жумладан Эронни тийиб туриш мақсадида ҳам Озарбайжон билан алоқа ўрнатишга қарор қилди. Бу эса "бир ўқ билан бир нечта қуённи уриш"га ўч АҚШ ва унинг Яқин Шарқдаги лойиҳаси бўлган исроил манфаатларига тўғри келарди.


Алп Жамолов

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.