08.01.2025 17:37
Олти йил аввал Дубайдан Ўзбекистондаги танишларига овозли хабар юборган фуқаро 5 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди 6 йил муқаддам Бирлашган Араб Амирликларидан туриб икки танишига диний мазмундаги овозли хабар жўнатган Санъатжон Илиусинов Пархатовични беш йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Санъатжон Илиусинов ЎзЖКнинг 244 прим 1-моддаси 3-қисми “г” банди, 156-моддаси 2-қисми, 59-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган.
Адвокатлар суд ҳукмини қонун талабларига зид, асоссиз, адолатсиз, ношаффоф деб ҳисоблашмоқда. Жумладан, Санъатжон Илиусиновнинг харакатларида Жиноят кодексининг 156-моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) таркиби мавжуд эмас.
Маълумот учун, 1992 йил Тошкент шаҳрида туғилган, рассомчилик фаолияти билан шуғулланувчи Санъатжон Илиусинов 2018-2019 йилларда иши юзасидан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига борган. Ўша вақтларда, яъни 2019 йил июль ойида “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали ўзининг икки нафар танишига мамлакатдаги қонунлар шариатга тўғри келмаслиги, қонун чиқарувчи Сенатда мусулмон бўлмаганлар ҳам борлиги тўғрисида овозли хабар юборган.
Адвокатларнинг қайд этишича, суд Илиусиновга жазо тайинлашда унинг муқаддам судланмаганлиги, оилада ёлғиз боқувчи эканлиги, қарамоғида касалманд ва боқувчисиз онаси, турмуш ўртоғи ҳамда уч нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, катта қизчаси касалмандлиги, унинг бундай хабар мумкин эмаслигини билмаганлиги, овозли хабар бундан олти йил аввал юборилганлиги, уни бирор бир диний оқимга ёки йўналишга мойиллиги йўқлигини инобатга олиши керак эди.
Бундан ташқари, Илиусиновнинг 6 ойдан бери эҳтиёт чораси сифатида 1-сон Тергов ҳибсхонасида (Тоштурма) сақланаётганлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, бу ҳақда ўзи, онаси ва турмуш ўртоғи томонидан бир неча марта судга ҳамда президент номига аризалар ёзгани, маҳалладан ижобий тавсифланганлиги ва бошқа ҳолатлар инобатга олинмаган.