20.12.2024 14:19

Наманганда хизмат хонасида қимор ўйини ташкил қилган мактаб директори ишдан олинди

Наманган вилояти Чортоқ туманидаги 8-мактаб директори ўз хизмат хонасида қимор ўйини ташкил қилгани учун ишдан олинди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Туман ички ишлар бўлими ходимлари ўтказган рейд вақтида мактаб директори хизмат хонасида шериклари билан қимор ўйнаётган пайтда қўлга тушган.

Бошқарма хабарида таъкидланишича, директор ташкилотнинг ички меҳнат тартиб қоидаларини қўпол равишда бузган. Шу сабабли, у билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бир томонлама бекор қилинган.

Мазкур ҳолат бўйича Чортоқ тумани Ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мактабларда таълим ва тарбия жараёнига оид қоидаларни бузиш ҳолатлари жамоатчилик томонидан қаттиқ назорат қилинади ва бундай ҳолатлар жиддий чоралар кўришга олиб келади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.