15.05.2025 08:47
341

Мубашшир Аҳмаднинг Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши турк жамоатчилигида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди

Туркиядаги йирик Milli Gazete, Yeni Akit ва DoğruHaber  каби мухолифат нашрлари ушбу масалани биринчи саҳифаларда ёритиб, ҳукуматни танқид қилди. Уларда “олимни золимга топширдилар” каби оғир сўзлар билан воқеа тафсилотлари кенг ёритилди.

Нима бўлган эди?

Туркияда яшаб келаётган ўзбекистонлик дин арбоби, таниқли уламо Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) шу йил май ойи бошларида Истанбулда ҳибсга олинган ва 13 май куни Ўзбекистонга депортация қилинган эди. Туркия Миграция бошқармаси (Göç İdaresi) баёнотида айтилишича, у “жамоат тартиби ва хавфсизлиги учун таҳдид” сифатида баҳоланган ва суд қароридан сўнг мамлакатдан чиқариб юборилган.
"Жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солаётгани сабабли мазкур шахсга нисбатан депортация қарори қабул қилинган. Чет эл фуқароси ушбу қарорга қарши шикоят йўлларидан фойдаланган ҳолда судга даъво аризаси билан мурожаат қилган, аммо суд қабул қилинган қарорда қонунбузарлик йўқ, деб топиб, даъвони рад этган", дейилади идора баёнотида.

Идора жамоатчиликни адаштирувчи сохта маълумотларни тарқатган шахсларга нисбатан ҳуқуқий жараёни бошлатилганини ҳам қўшимча қилган.

Қарорга қарши шикоят киритилган бўлса-да, маъмурий суд Турсуновнинг даъвосини рад этган.

Мухолифат: бу зулм, адолатсизлик!

Milli Gazete "Олимни золимга топширдилар" сарлавҳаси билан чиқиб, бу қарорни қаттиқ танқид қилди. Нашрнинг таъкидлашича, Алишер Турсунов ҳеч қандай жиноятга алоқадор эмас, у мухожир олим сифатида Туркияга паноҳ сўраб келган. Газета олимнинг ҳужжатларсиз ва ноқонуний асосда экстрадиция қилинганини ёзади.
Yeni Akit нашри ҳам “ҳеч қандай ҳуқуқий жараёнсиз, айбловсиз экстрадиция қилинди” деб баёнот берди. DoğruHaber эса HÜDA PAR партиясининг инсон ҳуқуқлари бўйича баёнотини келтириб, Туркия ҳукуматидан адолат ва инсонпарварликни талаб қилди.

Соғлик муаммолари ва эҳтимолий оқибатлар

Муҳим жиҳат шундаки, жамоатчилик ва сиёсий доираларда устоз Мубашшир Аҳмаднинг соғлиғи жиддий эканлиги, агар у қамоққа олинса ёки ҳолати инобатга олинмаса, бу инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро танқидларга сабаб бўлиши мумкинлиги алоҳида таъкидланмоқда.

Сиёсий таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Туркия–Ўзбекистон муносабатлари сўнгги йилларда илиқлашаётган бир пайтда бундай “ҳассос” масала икки давлат ўртасидаги ишончга путур етказиши мумкин. Шу боис ўзбек томони Алишер Турсуновни қамоқда сақламаслик, унинг соғлигини кафолатлаш ва тергов жараёнларини очиқ олиб бориш орқали халқаро танқидларнинг олдини олиши мумкин.

Сиёсий ва диний доиралар, жумладан, Туркия мухолифати Мубашшир домланинг ҳолатига жиддий ечим талаб қилмоқда. Унга нисбатан шаффоф ва инсофли муносабат бўлмаса, бу воқеа нафақат икки давлат муносабати, балки Туркиядаги мусулмон жамоалари ва мухолифат кучларининг ҳам кескин танқидига сабаб бўлишда давом этади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.