14.05.2025 07:16
40
Мисрда хорижликлар, жумладан, ўқиш мақсадида келганларни текшириш кучайтирилди
Мисрда хорижликлар, жумладан, талабаларнинг мамлакатда қонуний қолиши бўйича текширувлар кўпайди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси хабар бермоқда.
Қайд этилишича, элчихона вакиллари Қоҳиранинг Наср шаҳарчаси ҳудудидаги масъул полиция бўлимларига ташриф буюриб, улар билан мулоқотлар ўтказган.
Элчихона маълумотларига кўра, 13 май ҳолатига кўра, бошқа хорижликлар билан бир қаторда миграция қоидаларини бузган беш нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Улардан бири қонуний бўлиб турганини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг озодликка чиқарилган. Қолганларига эса ҳуқуқий баҳо берилиб, маҳаллий қонунчиликка мувофиқ қарор қабул қилинади.
Ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида элчихона бундай текширувлар давомида ўзбекистонликларнинг қўлга олиниши ҳолатлари ҳақида зудлик билан хабар беришни тавсия қилмоқда (алоқа маълумотлари: +20233364516, +20233361723 ва Telegram: @shtabegypt).
Ўзбекистон фуқаролари бўлиш қоидаларига қатъий риоя қилишлари ва ҳар доим ёнларида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, яшаш гувоҳномаси (иқома) ёки талабалик гувоҳномасини олиб юришлари сўралди