Сешанба куни Марказий Осиё давлатлари қуруқлик, денгиз флоти ва ҳаво кучлари иштирокида биринчи марта Россия ва Хитой иштирокисиз қўшма машғулотлар ўтказишни бошлади.

«Бірлестік-2024» қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирок этмоқда, деб хабар берди 24KZ.

17 июлга қадар давом этадиган машғулотларда Озарбайжон патруль ва ўрта десант кемалари, Ўзбекистон эса армия авиацияси вертолётлари билан иштирок этади. Машғулотларнинг асосий қисми Оймаша полигонида ва Токмак бурнидан икки километр узоқликда бўлиб ўтади. Ҳарбийлар қуролли можарони бартараф этиш бўйича қўшма операция ўтказади. Ҳарбий амалий спорт, тактик мўлжалга олиш ва отиш бўйича ҳам мусобақалар ўтказилиши режалаштирилган. Жами 4 мингга яқин ҳарбий хизматчи ҳамда 700 тагача қурол ва ҳарбий техника жалб этилади.

Қирғизистон Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, машғулотлар давомида ҳарбийлар “террорчилар томонидан босиб олинган оролни озод қилади” ҳамда “денгиз хавфсизлигини таъминлаш ва инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича амалиётлар ўтказади”.

Alarabiya нашри машғулотлар биринчи марта Россия ва Хитой иштирокисиз ўтказилаётганига урғу берди.

Бу давлатлар одатда мунтазам равишда ушбу стратегик минтақадаги энг нуфузли икки йирик давлат: Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти остидаги Россия ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги Хитой билан машғулотларда қатнашади, жумладан, ШҲТ доирасида 2023 йилда 1500 нафар ҳарбий иштирокида машғулотлар бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, йирик давлатлар ҳам хомашёга бой минтақа ва муҳим савдо йўлига кўпроқ эътибор қаратаётгани сабабли ўнлаб йиллар давом этган ички жанжаллардан сўнг Марказий Осиё давлатлари яқинда ҳамкорликни кучайтирди.

Бу мамлакатларнинг барчаси Хитой ва Европа ўртасидаги Россияни четлаб ўтувчи ва “Ўрта коридор” номи билан машҳур бўлган транспорт йўналишининг бир қисмидир.

Мавзуга алоқадор