Истанбулда Термизийнинг “Сунан” асарини хатм қилган ёш олимларга ижозалар берилди
19 январь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия президенти ташаббуси билан Пайғамбаримиз алайҳиссалом сийратлари ва ҳадис илми тадқиқига бағишланган халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.
Ушбу нуфузли тадбир доирасида президент Режеп Таййип Эрдоған иштирокида Имом Термизийнинг “Сунан” асарини хатм қилган ёш олимларга муҳаддис Шайх Муҳаммад Аввома томонидан махсус ижозалар тақдим этилди. Azon Global мухбирининг хабар беришича, ўзбекистонлик олим Муҳаммад Одил Ҳамид МДҲ ҳудудидан ушбу ижозани олган ягона вакил бўлди.
Мазкур анжуманда Ўзбекистон президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев каби бир қатор Ўзбекистон вакиллари иштирок этди.
Сўзга
чиққан нотиқлар томонидан ҳадиси шарифларни замонавий талқинда шарҳлаш ва бу
орқали ҳозирги мураккаб даврда мафкуравий таҳдидлар ҳамда ғоявий хуружларга
қарши туришдаги амалий жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек,
ҳадисларнинг бугунги кундаги тарбиявий-аҳлоқий томонларига ҳам катта урғу
берилди.
Файзли маросимда “Дорул Ҳадис” раҳбари, муҳаддис Шайх
Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ бошчилигидаги уламоларнинг ҳадис илмига оид илмий
лойиҳалари тақдимот қилинди. Шунингдек, Имом Термизийнинг “Сунан” асарини
таҳқиқ ва тадқиқ этиш ниҳоялангани, Имом Зарқонийнинг аллома Қасталонийнинг
“Мавоҳибу Ладуния” асари шарҳининг таҳқиқи бошлангани ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, Ҳофиз Суютийнинг “Тадриб ар-Ровий” китобини ўқиш ва шарҳлаш
бўйича хатмона дарси ўтказилиб, махсус ижозалар топширилди.
Режеп Таййип Эрдоған маросимда сўзга чиқиб, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга энг гўзал ибрат эканлари, чиройли хулқлари, Ул зотдан мусулмон умматига Қуръон ва суннат қолганини таъкидлаш баробарида Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари раҳбарлигида Имом Суютий, Имом Зарқоний каби муҳаддисларнинг асарлари шарҳ қилингани ҳамда Имом Термизийнинг “Сунан” асари таҳқиқ этилгани жуда катта савобли иш бўлганини қайд этди.