15.01.2025 07:00
Истанбулда қалбаки ароқдан 6 ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Истанбул шаҳрида қалбаки спиртли ичимликларнинг тарқатилиши натижасида заҳарланиш ҳолатлари кузатилди. Олинган маълумотларга кўра, сўнгги сутка ичида 38 киши заҳарланган бўлиб, 11 нафари ҳаётдан кўз юмган. Вафот этганлар орасида 6 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.
Истанбул полицияси воқеа юзасидан кенг қамровли тергов ишларини бошлаб, қалбаки ичимликлар тайёрлашда гумонланган икки нафар Туркманистон фуқаросини қўлга олди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этилишича, Истанбулнинг Аксарай туманида сотилган сохта алкоголдан заҳарланганларнинг 26 нафари хорижликлардир. Вафот этган ўзбекистонликлар 35–40 ёшлардаги эркаклар бўлиб, уларнинг вояга етмаган фарзандлари қолган.
Истанбулдаги Ўзбекистон Бош консулхонаси юртдошларимизни эҳтиёткорликка чақиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида қўлбола спиртли ичимлик истеъмолидан 5 нафар эркак вафот этганди. Марҳумларнинг тўрт нафари уйда, бир нафари шифохонада ҳалок бўлган.