01.10.2024 08:11

Истанбул: Ватандан кўнглимизни сўрагани келишди

Шу йилнинг 28 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Туркияда яшаётган ва таълим олаётган ватандошларимиз учун маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Икки давлат мадҳиялари садоси билан очилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан вакиллар, шунингдек, Истанбул шаҳар ҳокимлиги масъул ходимлари иштирок этишди.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги «Оқ уй» жоме масжиди имом-хатиби Исроилжон домла Исмоилов тадбирга келган ватандошларга ҳалоллик, ор-номус, поклик ва омонатдорлик динимиз буюрган гўзал ахлоқлар экани, уларсиз мусулмоннинг имони мукаммал бўлмаслиги ҳақида панду насиҳатлар қилдилар. Шунингдек, бошқа меҳмонлар ҳам ватанга муҳаббат, унга садоқат ва огоҳлик ҳар бир фуқаронинг бурчи экани ҳақида маруза қилишди.

Тақдир ва шароит тақозоси билан, гарчи қардош давлатда бўлса-да, она-Ватандан олисда мусофирликда яшаётган юртдошларимиз учун бу тадбир айни муддао бўлди. Йиғилганлар меҳмонларнинг қалблари тўридан чиққан самимий тавсиялари, маслаҳатларидан кўнглиллари тўлар экан, давлатимизнинг олисдаги ватандошларини ҳам унутмай, ҳолидан хабар олганидан бошлари кўкка етди.

Самимий руҳда ўтган тадбир сўнггида йиғилганлар ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлишди.


Ўз мухбиримиз

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.