Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда қарийб 300 млн доллар ажратади
Ўзбекистон Ислом тараққиёт банки (ИТБ) билан мамлакатдаги таълим ва йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш юзасидан иккита грант битимини имзолади, дея хабар бермоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.
16 февраль куни Ар-Риёд шаҳрида (Саудия Арабистони) бош
вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ИТБ президенти
Муҳаммад Ал Жассер билан учрашди. Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистонда
транспорт инфратузилмаси ва таълимни ривожлантириш, жумладан, уларда замонавий
лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Хусусан, имзоланган биринчи битимга кўра, мамлакатда таълим
сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган SmartED лойиҳаси амалга
оширилади. Бунинг учун банк 160,25 млн доллар ажратади.
Лойиҳа доирасида инклюзив таълим талаблари асосида мамлакат
бўйича жами 58 та умумий ўрта таълим мактаби қурилади. Улардаги синфлар
лаборатория жиҳозлари, рақамли техника ва мебеллар билан таъминланади.
Шунингдек, ҳужжат ўқув қўлланмаларини янгилаш, педагогларни тайёрлаш
дастурларини такомиллаштириш, баҳолаш методикасини қайта кўриб чиқиш ва 2026
йилгача барча мактаб ўқувчиларини инклюзив таълим тизими билан қамраб олишни
назарда тутади.
Имзоланган иккинчи битимда эса Сирдарё вилоятининг Оқолтин,
Мирзаобод ва Сардоба туманларидан ўтувчи А-373 автомобиль йўлини реконструкция
ва модернизация қилиш белгиланган. Бунинг учун 138,8 млн доллар йўналтирилади.
Транспорт талабларини қондириш учун умумий узунлиги 37 км
бўлган йўл қисми тўртта йўлаккача кенгайтирилади. Бу 2030 йилгача йўлга
кетадиган вақтни 30 дақиқагача қисқартириши ва авария ҳолатларини тахминан 40
фоизга камайтириши кутилмоқда. Лойиҳанинг амалга оширилиши минтақалар ва қўшни
давлатлар ўртасидаги транспорт алоқасини яхшилаб, савдо ва туризмни
ривожлантиришга ёрдам бериши қайд этилди.
«Ушбу келишувлар ИТБнинг Ўзбекистонда барқарор ривожланиш,
иқтисодий ўсиш ва инфратузилмани ривожлантиришга содиқлигини яна бир бор
тасдиқлайди», — дейилади банк ахборотида.