Россиянинг Иркутск шаҳрида этник диаспора етакчиларининг ҳибсга олиниши атрофидаги жанжал авж олмоқда. Ўзбек миллий маркази раҳбарлари ва тожик диаспораси раиси ўринбосари “ноқонуний миграцияни тарғиб қилиш”да айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, улар хорижликларга Россияда ишлаш ва яшаш учун рухсат олиш учун зарур бўлган сертификатларни олишга ёрдам берган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳибсга олинганлар қалбаки ҳужжатларни сотишдан 1,5 миллион рублдан ортиқ даромад олган.

Уларнинг ишхона ва яшаш жойларида ўтказилган тинтувлар натижасида компьютерлар, ҳужжатлар, банк карталари, шунингдек, 1,7 миллион рубль нақд пул олиб қўйилган. Россия Тергов қўмитаси тижорат порахўрлик ва ноқонуний миграцияни ташкил этиш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатган.

Ушланганлардан бири қамоққа олинган, иккинчисига нисбатан муайян хатти-ҳаракатларини тақиқлаш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

Россия Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, сўнгги уч йил ичида чет элликлар рус тилини билмаган ҳолда тил билиш сертификатларини олган 14 мингга яқин ҳолат аниқланганини маълум қилди.

Сўнгги ойларда Россия расмийлари, айниқса, Марказий Осиё давлатларидан ноқонуний миграцияга қарши курашни кучайтирди. Баҳорда Давлат Думаси фуқароликни олиш қоидаларини қатъийлаштирувчи бир қатор қонунларни қабул қилди. Полиция мунтазам равишда муҳожирлар яшайдиган жойларда рейдлар ўтказмоқда, уларнинг кўпчилиги Россия фуқаролигини олган бўлиб, ҳарбий хизматга жўнатилмоқда.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг «Коммерсант» нашрида эълон қилинган маълумотларида 2024 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Россияда Марказий Осиё давлатларининг 3,985 миллион фуқароси истиқомат қилиши айтилади. Чет элликлар сони бўйича Ўзбекистон етакчи бўлди – 1,792 миллиондан ортиқ киши, Тожикистон 1,231 миллиондан ортиқ, Қозоғистон 606,9 минг, Қирғизистон 262,8 минг ва Туркманистон 92 минг фуқаро билан.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, хорижликлар орасида 739 мингга яқин ноқонуний муҳожирлар ёки умумий сонининг 9 фоизини ташкил қилади. Уларнинг асосий қисмини Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон ва Озарбайжон фуқаролари ташкил этади.

Мавзуга алоқадор