11.01.2025 15:15
Иорданияда Яқин Шарқдаги энг катта черков очилди
Иорданиянинг Ал-Ғора ҳудудида Исо Масиҳнинг сувга чўмилтирилишига бағишланган ва Яқин Шарқдаги энг йирик черков очилди. Черков машҳур зиёратгоҳ — Магтаса шаҳри яқинида жойлашган бўлиб, айнан шу ерда Исо Яҳё чўмилтирувчи томонидан Иордан дарёсида сувга чўмилтирилган.
Черковнинг очилиш маросимида Ватикан давлат котиби ва папа Францискнинг шахсий вакили кардинал Пиетро Паролин иштирок этди. Тадбирга Қуддус патриархи Пиербаттиста Пиззабалла ва турли мамлакатлардан минглаб зиёратчилар ташриф буюрди.
Черков 2200 квадрат метр майдонни эгаллайди ва 2000 дан ортиқ меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга. Унинг қурилиши 15 йил давом этган бўлиб, сарфланган маблағ 15,5 миллион долларни ташкил қилган.