07.01.2025 14:47
1827
Гулнора Каримова манзил колонияга ўтказилди
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова Зангиота туманидаги 42-манзил колонияга ўтказилди. Бу ўзгариш Янги йил арафасида амалга оширилган бўлиб, Platina.uz манбаси бу ҳақда хабар берди.
Каримова шу пайтгача ушбу тумандаги 21-аёллар қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган эди. У 2020 йилда янги айбловлар асосида 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум қилинган.
Гулнора Каримовага қарши илк жиноят иши 2013 йилда очилган. 2015 йилда унга 5 йиллик озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди. 2017 йилда эса 10 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди, аммо кейинроқ бу жазо 5 йиллик озодликни чеклаш билан алмаштирилди.
Уй қамоғида бўлган даврида у қоидаларни бузгани сабабли яна қамоққа олинган. 2020 йилда қўшимча айбловлар билан суд ҳукми чиқарилиб, 13 йилу 4 ойлик озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган. Шундан бери Каримова 21-аёллар қамоқхонасида жазо ўтаётган эди.
Манзил колонияларига ўтказиш амалиёти маҳкумлар жазо муддатининг бир қисмини ўтаб бўлганидан кейин қўлланилади. Бундай колонияларда жазо шартлари бироз енгил бўлиб, маҳкумлар ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш имкониятига эга бўладилар.