Green Card 2025: ўзбекистонликлар дунёда энг кўп ғолиб чиққан миллат бўлди
АҚШ Давлат департаменти томонидан ўтказиладиган Diversity Visa (DV) — Green Card лотереяси натижаларига кўра, 2025 йилги дастурда Ўзбекистон фуқароларидан 5 564 нафар киши ғолиб деб топилди. Бу кўрсаткич жаҳон бўйича энг юқори натижа сифатида қайд этилди.
Жорий йилда дастурда дунё бўйлаб тахминан 131 минг номзод саралаб олинди. Улардан 55 минг нафарга АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи виза тақдим этилади. Ғолибларнинг асосий қисми Африка, Осиё ва Европа давлатлари фуқароларидан иборат.
Энг кўп ғолиб чиққан беш давлат:
- Ўзбекистон — 5 564 киши
- Жазоир — 5 526 киши
- Россия — 5 519 киши
- Миср — 5 515 киши
- Судан — 5 505 киши
АҚШ расмийларининг таъкидлашича, сараланган 55 минг кишининг ҳаммаси виза олиш жараёнини муваффақиятли якунламаслиги мумкин. Шу боис 2025 йил 1 октябрдан 2026 йил 30 сентябргача заҳира рўйхатидан ҳам виза тақдим этилиши мумкин.
Ўзбекистон фуқароларининг иштирок динамикаси
Сўнгги беш йиллик натижалар шундан далолат берадики, Ўзбекистон Green Card дастурида доимий равишда юқори иштирок ва ютуқ кўрсаткичларига эга:
- 2021 — 5 319 ғолиб
- 2022 — 6 001 ғолиб (манба)
- 2023 — 5 511 ғолиб
- 2024 — 5 555 ғолиб (манба)
- 2025 — 5 564 ғолиб
Бундан ташқари, 2019–2021 йиллар оралиғида Ўзбекистондан 2,8 миллиондан ортиқ ариза топширилгани қайд этилган.
Марказий Осиё давлатларидаги ҳолат
2025 йилги натижаларга кўра, қўшни мамлакатлардаги ғолиблар сони ҳам анчагина:
- Ўзбекистон — 5 564 киши
- Қирғизистон — 3 095 киши
- Тожикистон — 2 982 киши
- Қозоғистон — 2 004 киши
- Туркманистон — 2 010 киши (манба)
Green Card лотереяси 1990 йилда қабул қилинган АҚШ иммиграция қонунига асосан жорий этилган. Ҳар йили 20 миллиондан ортиқ киши ариза топширади. Аммо ғолиблик виза кафолати эмас — номзодлар АҚШ элчихонасида суҳбат ва ҳужжат текширувидан ўтишлари керак бўлади.