16.05.2025 08:27
158

Германияда суд Алишер Усмоновни Dilbar яхтаси эгаси деб аташни тақиқлади

Гамбург суди USM холдинги асосчиси Алишер Усмоновни Dilbar номли йирик шахсий яхтанинг эгаси деб аташни тақиқлади. DW нашрининг хабар қилишича, суд бундай маълумотни Усмоновнинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги ҳуқуқини бузади, деб топган ва уни тарқатишни тақиқлаган.

Гап Люксембургдаги Mediahuis Luxembourg S.A. медиахолдингига қарашли нашрлар тарқатган маълумот ҳақида кетмоқда. Luxembourg Times сайтидаги ушбу даъвога оид мақола аллақачон ўчирилган. Судда қайд этилишича, Dilbar яхтаси “на тўғридан-тўғри, на билвосита, на компания ёки траст орқали” Усмоновга тегишли эмас.

Судда иштирок этган жавобгарлар — яъни нашрлар — бу маълумотнинг ҳаққонийлигини исботламай, шарҳ ҳам бермаган. Қарорга риоя этилмаган тақдирда, ҳар бир ҳолат учун 250 минг еврогача жарима ёки 6 ойгача маъмурий қамоқ жазоси белгиланган. Бу қарор устидан шикоят қилиш мумкин.

Усмоновнинг адвокати Йоахим Николаус Штайнхёфель таъкидлашича, Европа Иттифоқи прокуратураси ва санкция қўлловчи идоралар “суд томонидан рад этилган ва тарқатилиши тақиқланган маълумотларга” таянаётганини айтиб ўтган. 2024 йил февралда dpa агентлиги ҳам Усмоновнинг опаси Гулбахор Исмоилова Dilbar яхтасига эгалик қилгани ҳақидаги мақоласини суд қарори билан олиб ташлаганди. Бундай мазмундаги твитларни Германия Федерал жиноят полицияси ҳам ўчирган.

2022 йил 28 февралда, Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан кейин, Алишер Усмонов ЕИнинг санкция рўйхатига киритилган. Брюссель уни “владимир путинга яқин бўлган прокремлёв тадбиркор” сифатида таърифлаган ва унинг фаолияти “Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига таҳдид солаётгани” айтилган. Усмонов бу санкцияларга қарши судларда даъво аризалари киритиб келмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.