03.10.2024 14:31

Ғалла блокадаси: Россия ва Қозоғистон можаро ёқасида

Россия фитосанитария қоидабузарликларини баҳона қилиб, 23 сентябрдан бошлаб Қозоғистон ғалласи ва бошқа бир қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти ва транзитини амалда тўсиб қўйди, дея хабар бермоқда TRT.

Росселхознадзор баёнотида айтилишича, унинг тизимлари Қозоғистон дон, помидор, қалампир ва кунгабоқар уруғлари учун фитосанитария сертификатларини беришни автоматик равишда блоклай бошлаган. Ушбу сертификатлар чегарани кесиб ўтиш учун талаб қилинади ва уларнинг йўқлиги етказиб бериш имконини йўққа чиқаради.

Россия томони ўз қарорини Қозоғистон маҳсулотларида зараркунандалар ва патоген бактерияларни аниқлаш ҳолатлари кўпайиб бораётгани билан изоҳлади. Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Эрмек Кенжеханули Росселхознадзордан мурожаат келиб тушганини тасдиқлади, бироқ Қозоғистон томони қонунбузарликлар бўйича аниқ далиллар олмаганини таъкидлади.

Жавоб хатида Росселхознадзордан бизга аниқланган қонунбузарликлар ҳақида тасдиқловчи фактларни тақдим этишни сўрадик. Ушбу далиллар бизга қоидабузарликлар ҳақиқатда содир бўлганига ишонч ҳосил қилиш учун керак. Аниқланган лаборатория текширувлари ва бу ишлар натижалари бўйича тегишли ҳисоботларни сўрадик”, — деди Кенжеханули.

Россия қўйган тақиқ муҳокамалар тўлқинига сабаб бўлди, айниқса Қозоғистон аввалроқ, 21 августдан Россия буғдойини олиб киришга тўлиқ тақиқ жорий этгани фонида. Жорий йилда Қозоғистон ғалладан рекорд даражадаги 27,7 миллион тонна ҳосил олишни кутмоқда, шундан 9 миллион тоннага яқини экспортга мўлжалланган. Россия буғдойини импорт қилиш ўтган йилги захиралар фонида ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида тақиқланган.

Айрим экспертларнинг фикрича, Россиянинг Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини тақиқлаши Қозоғистон томонидан қўйилган тақиқга жавоб бўлиши мумкин.

Аввалроқ Қозоғистон дон ишлаб чиқарувчилари россиялик экспортчиларни Қозоғистон солиқларини тўламай, кейинчалик Марказий Осиё ва Афғонистонга қайта экспорт қилиш учун Қозоғистонга ноқонуний равишда дон етказиб беришда айблаган эди. Россия донининг ноқонуний етказиб берилиши, донни қайта ишлаш саноати вакилларининг фикрича, Қозоғистон иқтисодиёти учун жиддий муаммога айланган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.