10.09.2025 14:22
77

Диний эркинликларни таъминлашда ижобий қадам

АҚШ собиқ президенти Рузвельт 1943 йили КПСС раҳбари Сталинга мурожаат қилиб,  Иттифоқ диний эркинликларга рухсат бермаса "ленд-лиз"  қонуни доирасида мамлакатга ҳарбий кўмакни Конгресс тасдиқламаслиги мумкинлигини айтган. Рузвельт давлатчилик диний эркинликларсиз мукаммал бўлмаслигини таъкидлаган. 

Шундан сўнг коммунистик режимда рус проваслав черковлари,  Ўрта Осиё мусулмонлари идораси сингари жамоат ташкилотларига рухсат теккан. Демак,  диний эркинликлар давлатчиликнинг ажралмас қисми ва бу борада диний ташкилотлар муайян даражада дахлсиз бўлиши лозим. 

Бугун Тошкентда ўтаётган “Декларациялар мулоқоти” иккинчи халқаро форумида Адлия вазирлиги ННТ бошқармаси бошлиғи Зикирилла Маҳмудов диний ташкилотлар фаолиятига халал берган ҳар кимсанинг жазоланишини, бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига жавобгарлик киритилганини таъкидлади. 

"Жорий йилнинг 21 август куни қабул қилинган қонунга кўра Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги моддалар билан тўлдирилган.
Эндиликда давлат органларининг мансабдор шахслари диний ташкилотлар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашса жаримага тортилади" деди Маҳмудов.

Муваффаққиятлар кичик қадамлардан бошланади. Диний эркинликлар учун курашдаги фуқаролик жамияти институтининг вакили сифатида Адлия мулозимининг хушхабарини олқишлайман.  Тўғрини тўғри дейишимиз керак,  дўстлар.

Абдураҳмон Ташанов, "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.