19.12.2024 11:41
Чехия сенати Қрим татарлари кўчирилишини геноцид деб тан олди
Чехия парламентининг юқори палатаси, сенат 1944 йилда Қрим татарларининг Совет ҳукумати томонидан депортация қилиниши ва ўлдирилишини геноцид сифатида тан олди. Бу қарор Қрим татарларининг тарихий адолат учун олиб бораётган кўп йиллик курашида муҳим қадам бўлди.
1944 йил 11 майда Иосиф Сталин "Қрим татарларини Қримдан кўчириш тўғрисида"ги фармонни имзолаганди. Қрим татарлари "фашистларнинг ҳамкорлари" сифатида тамғаланиб, 18 май куни оммавий депортация бошланди. Уч кун давомида 200 мингга яқин Қрим татари ўз ватанидаги уйларидан мажбуран кўчирилиб, Ўрта Осиё ва Россиянинг турли ҳудудларига жўнатилди.
Қрим татарлари миллий ҳаракати маълумотларига кўра, кўчирилганларнинг 46,2 фоизи йўлда, ҳамда борган жойларида очлик ва касалликлар сабабли ҳалок бўлди. Мусибатга дучор бўлганлар орасида асосан аёллар, болалар ва қариялар бор эди.
Чехия сенатидан олдин Украина, Латвия, Литва, Канада, Польша ва Эстония каби давлатлар Қрим татарлари депортациясини геноцид сифатида тан олган эдилар. Бу қарорлар халқаро миқёсда ушбу халқнинг қатағонлардан азият чекканини тан олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
1989 йилда СССР Олий Кенгаши Қрим татарларини депортация қилиш ҳаракатини ноқонуний ва жиноий деб эълон қилганди. Бунга қарамай, 2014 йилда Россия Қрим ярим оролини аннексия қилганидан сўнг, Қрим татарларига нисбатан босимлар янада кучайди.
2024 йилнинг 18 май куни Қрим татарларининг депортация қилинганига 80 йил тўлди. Бу санани нишонлаш учун Германияда йирик хотира митинги ўтказилди, у ерда қрим-татар фаоли Элвис Чолпух Германияни мажбурий кўчирилишни геноцид сифатида расман тан олишга чақирди.
Чехия сенатининг қарорини бошқа давлатлар ҳам қўллаб-қувватлаши кутилмоқда. Бу ҳаракат Қрим татарлари учун адолат ўрнатиш ва уларнинг азиятли тарихини дунёга танитиш йўлида муҳим қадам бўлиши мумкин.