БРИКСга қўшилиш Туркияга қимматга тушадими?
Анчадан бери Ражаб Тоййиб Эрдўғон бошчилигидаги Туркия Евросиёда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилиб келяпти. Ғарб билан иқтисодиёт ва хавфсизлик бўйича алоқалар қанчалик муҳим бўлмасин, Анқара Шарқда ҳам эътибор марказида бўлишни истаяпти. Айниқса турк давлати Яқин Шарқдаги хунрезликлардан сўнг минтақада Россия ва Хитой каби асосий ўйинчилар билан ҳамкорликда ўз мавқеини мустаҳкамлашга уринмоқда.
Туркия Исроил билан узоқ вақтдан бери яхши бизнес
муносабатларига эга бўлган кам сонли мусулмон давлатларидан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга,
мамлакат Евросиёдаги ўрни туфайли популизм, ғарб либерализми, Ислом дунёси ва
геосиёсий мураккабликлар қуршовида қолиб кетган.
Яқинда Туркия БРИКСга аъзо бўлишга тайёрлигини билдирди: бу
билан турклар иккинчи марта Хитой-Россия форумларига қўшилиш истагини
билдиришди. Бир неча ой олдин Эрдўғон “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)да
кузатувчи мақомида бўлган Туркия ташкилотга тўлақонли аъзо бўлмоқчилиги”ни
айтиб чиққан эди.
Айни пайтда Анқара БРИКСга номзод бўлган биринчи НАТО
иттифоқчисига айланди ва блок октябрь ойида Россияда бўлиб ўтадиган саммитда
ушбу талабни кўриб чиқади.
Анқаранинг Европа Иттифоқи (ЕИ)га қўшилиши узоқ вақтдан бери
тўхтаб қолган. 1987 йилда у ўша пайтдаги Европа Иқтисодий Ҳамжамиятига аъзо
бўлиш учун ариза берган ва 1999 йилда Европа Иттифоқига қўшилиш ҳуқуқига эга
деб топилган эди. Шундан сўнг бирор бир сезиларли натижага эришилмади.
2023 йилда Европарламент Туркия ўз йўналишини
ўзгартирмагунича иттифоққа аъзо бўла олмаслиги ҳақида бир қарорга келди. Мазкур
қарордан ғазабланган Эрдўғон “40 йилдан бери ЕИ дарвозаси олдида “сарғайган”
Туркия иттифоқдан энди ҳеч нарса кутмаслиги”ни маълум қилди.
Бошқа томондан, Ғарб ва ЕИ ҳам Россия ва Украина ўртасидаги
уруш ва Европанинг ошиб бораётган энергия эҳтиёжлари шароитида Анқарани
йўқотишни хоҳламайди. 2023 йилда Туркия ЕИнинг 5 йирик савдо шеригидан бирига
айланди ва ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий савдо ҳажмидаги улуши 4,1
фоизга етди.
Айни пайтда Туркия газ ва энергиясининг асосий манбаи –
санкциялар жорий этилишига қарамай, Россиядан импорт бўлиб қолмоқда. Шунингдек,
Анқаранинг географик аҳамиятини ҳам унутмаслик керак. Мамлакат қитъалар ўртасидаги
географик туташган нуқта бўлиб, у ерда Шарқ ва Ғарб туташади. Туркиянинг
Шарққа, хусусан Россия ва Хитойга
мойиллиги Ғарбнинг геосиёсий муваффақиятсизлиги саналади.
Шу билан бирга, Туркия НАТОда ҳам ўз ўрнига эга давлат:
унинг Россия ва Хитой чегарасига яқинлиги ҳам ўзига хос аҳамият касб этади.
Анқара 1952 йилда, блок ташкил этилганидан атиги уч йил ўтгач, НАТОга қўшилди.
Бироқ сўнгги пайтларда Анқаранинг НАТО “душманлари”га юз буриши, уни ҳарбий
блокдаги ишончсиз иттифоқчига айлантириши мумкин.
НАТО ва Ғарбнинг Украинага қарши уруши туфайли Россияга
қарши жазо чораларига қарамай, Анқара Москва билан мудофаа алоқаларини
ўрнатишда давом этмоқда. Аввалроқ Туркиянинг Россиядан С-400 мудофаа
тизимларини сотиб олиши АҚШнинг “кайфиятини бузгани” бунга яққол мисол бўла
олади. Шунга қарамай турклар Американинг F-16 қирувчи самолётларига ҳам кўз
тикмоқда. Икки давлат яқинда 40 та F-16 самолётлари учун келишувга эришди. Шу
пайтгача ушбу келишув муддати турли баҳоналар билан ортга сурилиб келинарди.
БРИКСга қўшилиш Анқаранинг НАТОдаги ҳозирги ролини жиддий
хавф остига қўйиб, уни трансатлантик иттифоққа аъзоликдан маҳрум қилади.
НАТОдан четлашиш эса нафақат Туркиянинг ЕИга қўшилиш
имкониятларини чеклайди, балки уни курд сепаратизми масаласида қийин аҳволга
солиб қўйиши мумкин. Шундоқ ҳам сепаратист гуруҳларни қўллаб-қувватлаётган
Ғарб, айирмачилардан Туркияга қарши қурол сифатида фойдаланиши мумкин.
БРИКСга аъзолик Анқарага маълум даражада иқтисодий фойда
келтирса-да, унга хавфсизлик кафолатларини бера олмайди. Анқара ягона мақсади
яқин иқтисодий алоқалар ва долларсизланиш орқали АҚШга қарши блокни танлаши
баробарида муҳим стратегик ва геосиёсий харажатларни ўз зиммасига олиши керак
бўлади.
Бу эса Эрдўғон ўзини қанчалик қаттиққўл сиёсатчи сифатида
кўрсатмасин, барибир мамлакат Ғарб таъсири остида қоляпти. Анқаранинг Ғарбга
қарши риторикаси унинг шарқий блокларга киришини таъминлаши мумкин, бироқ
стратегик ва ҳарбий эҳтиёжлар масаласи вазиятни қийинлаштиради.
БРИКС, бошқа Хитой-Россия бошчилигидаги форумлар сингари, тузилмавий ва ишончлилик муаммоларига эга бўлган, эркин бошқариладиган иттифоқ бўлиб қолмоқда. Эҳтимол, Анқара иттифоқларни ҳам диверсификация қилишга интилаётгандир. Шунга қарамай, Туркиянинг ушбу позицияси уни Ғарб томонидан ишончсиз шерик сифатида баҳоланишига сабаб бўлади.