Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ конида 17 сентябрь куни тушдан кейин яна водород сульфид сизиб чиқиши юз берди.

18 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида эса Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев ҳолат оқибатида 2 нафар шахс вафот этганини маълум қилди.

«Ҳақиқатан, кеча сиз айтган ўша нохуш ҳолат бўйича, 2 нафар ўлгани бўйича, воқеа жойига вилоят прокурорининг ўзи чиққан. Ҳозирда терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди прокуратура вакили. У вафот этганлардан ташқари, жароҳатланган фуқаролар ҳам борлигини қўшимча қилди.

«Ўлим ҳолати бўлган. Икки нафар шахс ўлгани тўғрисидаги ҳолат бор. Яна тан жароҳати олинган ҳолатлар ҳам бор. Ҳозир терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Натижаси бўйича сизларга маълумот берилади», — деди Бош прокуратура ходими.

Gazeta.uz’нинг ҳудуддаги манбаларига таяниб хабар беришича, ҳодиса оқибатида камида 4 киши вафот этган ва жароҳатланганлар ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни Сурхондарёнинг Бойсун тумани Кўлқамиш маҳалласи ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конига қарашли 604-сон қудуқда бурғилаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши бошланган эди.

2 сентябрга ўтар кечаси ФВВ қудуқ яқинидаги аҳоли эвакуация қилингани, вазият тўлиқ назоратга олингани, ваҳимага ўрин йўқлигини билдирди. Президент топшириғига асосан воқеа жойига бир гуруҳ масъуллар, хусусан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов етиб борди.

 

Мавзуга алоқадор