25.02.2025 11:23
384
БМТ Бош Ассамблеяси Россия қўшинларининг Украина ҳудудини зудлик билан тарк этиши бўйича резолюцияни қабул қилди
Россия-Украина уруши бошланганининг уч йиллиги муносабати билан 24 февраль куни БМТ Бош Ассамблеяси Киев ва Европа давлатлари томонидан тайёрланган Украинадаги уруш бўйича резолюция лойиҳасини кўпчилик овоз билан қабул қилди. Ушбу ҳужжатга АҚШ ва Россия қарши овоз берди.
Ҳужжат Россия тажовузини қоралайди ва урушни тезроқ тугатишни ва Украинага етказилган зарарни қоплашни талаб қилади.
БМТга аъзо 93 давлат резолюцияни ёқлаб, 18 таси қарши овоз берди, 65 таси эса бетараф қолди.
Қарорлар ижроси мажбурий бўлмаса-да, улар бутун дунёда фикр барометри сифатида кўрилади. Бу натижа 140 дан ортиқ давлат Россиянинг тажовузини қоралаб, Украинанинг тўрт вилояти аннекциясини бекор қилишни талаб қилган аввалги йиллардагидан пастроқдир.
Овоз беришдан олдин унинг муҳокамаси чоғида сўзга чиққан ушбу резолюция тарафдорларининг аксарияти Европа Иттифоқи давлатлари вакиллари Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий бостириб кириши ҳеч қандай сабабсиз ва тажовузкор характерга эга бўлганини, натижада одамларнинг ўлимига, фуқаролик инфратузилмасининг вайрон бўлишига, миллионлаб одамларнинг мажбуран кўчирилишига олиб келганини эслатди.
Лойиҳа матнига қўшилмаган мамлакатлар вакиллари, асосан, урушаётган ҳар икки давлат ҳарбий ҳаракатларни имкон қадар тезроқ тўхтатиб, дипломатик келишувга ўтишлари кераклиги ҳақида гапирди.
Россиянинг БМТдаги ваколатли вакили Василий Небензя Украина ўлкада “нацистлар режими” ўрнатиш орқали можаро қўзғатганини яна бир бор таъкидлади. Шунингдек, Россия резолюция лойиҳасига “можаронинг асл сабабини” бартараф этишга қаратилган тузатишлар киритишни таклиф қилди, бироқ улар овоз беришда рад этилди.
БМТ Бош Ассамблеяси Украинадаги уруш бўйича АҚШ томонидан тайёрланган резолюция лойиҳасини ҳам маъқуллади. Ҳужжат Европа давлатларининг тузатишлари билан қабул қилинди, хусусан, “можаро” сўзи “тўлиқ миқёсли босқинчилик” билан алмаштирилди. Ушбу резолюция лойиҳаси нейтралроқ бўлиб, Россияни қоралаш позицияси йўқ. Ҳужжатда “Россия-Украина можароси” чоғида инсонларнинг ҳалок бўлгани учун қайғу билдирилган ва “можарога тезроқ барҳам бериш ва Украина ва Россия ўртасида мустаҳкам тинчлик ўрнатиш”га чақирилган. Унинг қабул қилинишига 93 давлат овоз берди, 8 давлат қарши чиқди, 73 давлат бетараф қолди.

